Шароф Рашидов туманидаги “Куёвбоши” маҳалласида ички ишлар органлари ходимлари учун 56 та якка тартибдаги уй-жойлар фойдаланишга топширилди.
Тантанали топшириш маросимида вилоят ҳокими Эргаш Салиев, вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, сектор раҳбарлари, фаоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки хизмат бурчини ҳалоллик билан олиб борган ва фаоллик кўрсатган ҳамда уй олиш учун навбати келган 17 нафар жиззахлик ички ишлар органлари ходимларига турар жойнинг бошланғич тўлови имтиёзли тарзда тўлаб берилди.
Янги уйлар 6 сотих ер майдонига қурилган, 3 хонадан иборат hitech усулида барпо этилган бўлиб, барча қулайлик ва шарт-шароитлар мужассам қилинган.
Уйлар ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ билан таъминланган ҳамда оқова тизимига уланган. Йўлларга асфальт ётқизилган.
Тадбирда турар жой эгаларига хонадон калити билан биргаликда мaиший техникалар ва китоблар жамланмалари совға қилинди.
Ўз навбатида, қурувчиларга миннатдорчилик билдирилди. Тадбир давомида йиғилганлар янги турар жойларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ҳудудда ички ишлар ходимлари томонидан яшил макон яратиш ишлари бошлаб юборилди.
2025 йил якунига қадар “Куёвбоши”да 48 та турар-жой, 150 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 31 ўринли вилоят ички ишлар бошқармаси меҳмонхонасини бунёдга келтириш режалаштирилган.
Айни пайтда ушбу иншоотларда қурилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.