Ўзбекистон World Boxing халқаро бокс ташкилотига қўшилди

Улашиш:

Ўзбекистон, Қозоғистон, Гватемала ва Лаос мамлакатдари Халқаро Олимпия қўмитаси ва IBA ўртасидаги можароли муносабатлар фонида ташкил этилган World Boxing халқаро ташкилоти аъзоси бўлди. World Boxing раҳбари Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ташкилотга қўшилиши катта ўзгариш бўлганини айтди.

Ўзбекистон ҳаваскор боксни тартибга солиш мақсадида тузилган World Boxing халқаро бокс ташкилоти аъзолигига қабул қилинди. Бу ҳақда халқаро ташкилот расмий саҳифасида хабар эълон қилинди. Бу маълумотни Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати тасдиқлади.

World Boxing ташкилоти АҚШнинг Колорадо штатидаги иккинчи йиллик Конгрессда тўртта янги аъзонинг аризаларини маъқуллади.

Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Гватемала ва Лаос мамлакатларининг бокс миллий федерацияларидан ташкилотга аъзо бўлиш учун аризалар тасдиқланган.

«Дунёнинг етакчи бокс мамлакатларидан бири бўлган Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ташкилотга қўшилиши World Boxing учун катта ўзгариш бўлиб, ҳозирда 13 та аъзога эга Осиёдаги янги халқаро Федерациянинг изини сезиларли даражада оширади», — дейилади хабарда.

Ташкилот Ўзбекистон сўнгги икки Олимпия ўйинларида бокс бўйича етакчи давлатлардан бири экани, мамлакат Париждаги медаллар жадвалида бешта олтин билан биринчи ўринни эгаллаганини эътироф этди. Шунингдек, ташкилот Қозоғистонни ҳам кучли спорт уйи сифатида қарайди.

Бизнинг иккинчи Конгрессимизда жаҳон боксининг тўртта янги мамлакатни кутиб олиши ажойиб, мен ишонаманки, буларнинг барчаси бизнинг миссиямизда муҳим роль ўйнайди. Бокс Олимпия ҳаракатининг марказида қолади, деди World Boxing президенти Борис ван дер Ворст.

Унинг айтишича, жойларда катта ўзгариш бўлмоқда ва кўплаб Миллий Федерациялар World Boxing ташкилотига қўшилишни хоҳлашади, чунки бу боксчиларнинг Олимпия орзуларини сақлаб қолишнинг ягона йўлидир.

Миллий бокс федерацияси мамлакат энди Халқаро олимпия қўмитаси билан можаролар остида қолган IBAни тарк этиши ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавобан, бу ҳақда ҳозирча аниқ маълумот йўқлигини айтди. Бироқ, янги ташкилот раҳбари Борис ван дер Ворст федерациялар Халқаро бокс ассоциациясига (IBA) содиқлигини сақлаб қолган ҳолда ҳам World Boxing ташкилотига қўшилишлари мумкинлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябрь куни World Boxing халқаро спорт федерацияси президенти Борис ван дер Ворст Ўзбекистонга келганди. Ўшанда у спорт расмийларига ташкилотнинг мақсадлари ҳақида маълумот бериб, Ўзбекистондан кучли қўллов олганидан хурсандлигини билдирди.

World Boxing халқаро ташкилоти ҳақида

Ташкилот ҳаваскор боксни тартибга солиш мақсадида, шунингдек, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Халқаро бокс ассоциацияси ўртасидаги можароли (IBA) муносабатлар фонида ташкил этилган. Унинг ташаббускори Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган нидерландиялик Борис ван дер Ворстдир. Kun.uz`нинг ёзишича, у бир йил аввал «сайлов давридан ташқари ташвиқоти» туфайли IBA президентлик сайловидан четлатилган.

Кейинроқ амалдор Кремлёв бошқарувидан норози бўлган 18 та миллий ҳаваскор бокс федерациясини ўз ичига олган World Boxing ташкилотини тузди. Унинг мақсади «ҳаваскор бокснинг Олимпия келажагини сақлаб қолиш» деб аталди. Шу билан бирга, янги ташкилот ХОҚ таркибига кириш учун ариза юборган.

Ташкилот боксни Олимпия спорти сифатида сақлаб қолиш учун кампания олиб бормоқда. Шу жумладан Қозоғистон бокс федерацияси яқинда Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) аъзолигидан чиқди ва мазкур янги ташкилотга (World Boxing) аъзо бўлиш ниятида. Мамлакат бокс федерацияси раиси буни маҳаллий боксчиларнинг Олимпия ўйинларидаги келажаги учун қилинаётганини маълум қилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.