2023 йилда Ўзбекистон энг йирик олтин ишлаб чиқарувчилар орасида ўнинчи ўринни эгаллаган. Республика 119,6 тонна қимматбаҳо металл ишлаб чиқарган.
ТАСС инфографикасига кўра, ўтган йили олтин қазиб олиш бўйича Хитой етакчи бўлиб, унинг кўрсаткичи 378,2 тоннани ташкил этган. Иккинчи ўринда 321,8 тонна билан Россия, учинчи ўринда 293,8 тонна билан Австралия турибди.
Қимматбаҳо металларнинг энг йирик ўнта ишлаб чиқарувчиси қаторига Канада (191,9 тонна), АҚШ (166,7 тонна), Гана (135,1 тонна), Индонезия (132,5 тонна), Перу (128,8 тонна) ва Мексика (126,6 тонна) кирган.
Шу билан бирга, Швейцария ўтган йили энг йирик олтин экспортчиси бўлган. Мамлакат қимматбаҳо металларни чет элга сотишдан 107,2 миллиард доллар даромад кўрган. Иккинчи ўринда Буюк Британия (65,3 миллиард доллар), учинчи ўринда Хитой (44,4 миллиард доллар) турибди. Ўзбекистон энг йирик экспортчилар рўйхатида йўқ.
Эслатиб ўтамизки, октябрь ойи бошидан буён Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекорд даражага етиб, 43 миллиард доллардан ошган.