Икки ойда 8,1 млрд сўмлик қонунга зид давлат харидлари аниқланди

Улашиш:

Сентябр ва октябрь ойларида давлат харидлари соҳасида 8,1 миллиард сўмлик 24 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Агентлик томонидан олиб борилган текширувлар натижасида, Самарқанд вилояти руҳий касалликлар шифохонаси буюртмачилигида 1,4 миллиард сўмлик иссиқ овқат етказиб бериш хизмати, Избоскан туман тиббиёт бирлашмасида 1,3 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар харид қилиш, ва Музработ тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси буйруғи билан 1,3 миллиард сўмлик йўлларни таъмирлаш хизмати каби ҳолатлар аниқланган.

Шунингдек, "Ўзтемирйўлйўловчи" қошидаги Бино иншоот ва жиҳозларнинг капитал таъмири бўйича дирекция АЖ буюртмачилигида 796 миллион сўмлик биноларни таъмирлаш хизмати кўрсатиш, Денов тумани тиббиёт бирлашмаси буйруғи билан 735 миллион сўмлик иссиқ овқат етказиб бериш, ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети буйруғи билан 337 миллион сўмлик овқатланиш хизматлари каби ҳолатлар ҳам аниқланган.

Текширувлар давомида қуйидаги ҳолатлар ҳам маълум бўлди:

• Миришкор тумани ободонлаштириш бошқармаси буйруғи билан 88 миллион сўмлик офис жиҳозлари харид қилиниши;

• «Қипчоқ йўллардан мунтазам фойдаланиш» давлат унитар корхонаси буйруғи билан 49 миллион сўмлик қурилиш моллари сотиб олиш;

• Ёшлар ишлари агентлиги Нарпай туман бўлими буйруғи билан 47 миллион сўмлик техник жиҳозлари харид қилиш;

• Нарпай туман 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби буйруғи билан 30 миллион сўмлик қурилиш моллари сотиб олишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, Аму-Бухоро машина канали Олот туман бошқармаси буйруғи билан 612 миллион сўмлик насосларга техник хизмат кўрсатиш, Бухоро архитектура ва қурилиш техникуми буйруғи билан 600 миллион сўмлик иссиқ овқат етказиб бериш, ва "Ёшлик киностудияси" давлат унитар корхонаси буйруғи билан 239 миллион сўмлик монтаж-пардозлаш хизматлари ҳам аниқланган.

Агентликнинг таклифлари асосида, харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилинди ва мазкур давлат харидларининг қонунга хилоф тарзда ўтказилишининг олди олинди. Ўрганиш ва таҳлил жараёнида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Жорий йилнинг август-сентябр ойларида давлат буюртмачилари томонидан жами 3,1 миллиард сўмлик 11 та давлат харидида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган эди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.