Келаётган дам олиш кунлари ўзбекистонликларни ёмғирли ва совуқ об-ҳаво қарши олади.
“Ўзгидромет” маълумотига кўра, бугунги кундан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво масслари кириб келиши бошланган.
Дам олиш кунлари республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. 30 ноябрь ва 1 декабрда айрим жойларда ёмғир қорга айланиши мумкин.
Ўзбекистоннинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 29 ноябрь ва 1 декабрда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди. Кечаги 20-23 даража илиқдан сўнг, бугун кундузи ҳарорат 10-15 даража илиққача, якшанба куни эса 3-8 даража илиққача пасаяди. Республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши мумкин.
Тошкентда 29 ноябрь - 1 декабр кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 1 декабрда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор.
Бугун кундузи ҳарорат 13-15 даража илиқ, эртага 30 ноябрда 7-9 даража илиқ, якшанда куни 1 декабрда 5-7 даража илиқ бўлади. Ҳарорат асосан кечалари 5-7 даража илиқ бўлади.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан бироздан ўртача тезликгача эсади.