2025 йил учун Ўзбекистоннинг давлат бюджети лойиҳасида Маданият вазирлигига 1,2 трлн сўмдан зиёд маблағ ажратилиши режалаштирилган. Аниқроғи, 1 трлн 171 млрд 734 млн сўм маблағ мўлжалланган.
Ушбу маблағнинг асосий қисми, яъни 1 трлн сўмдан ортиқ қисми вазирликнинг жорий харажатларига йўналтирилади. Қолган 120 млрд сўм эса маданият объектларини лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун сарфланиши кутилмоқда.
Жорий харажатлардан маълум бир қисми кино саноатига йўналтирилади. Жумладан:
• Давлат буюртмаси асосида миллий кино маҳсулотларини яратиш учун 110 млрд сўм;
• «Тирик тарих» дастури доирасидаги фильмларни яратиш учун 50 млрд сўм;
• Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун телеканалларга ажратиладиган субсидияларга 12 млрд сўм;
• «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалини ўтказиш учун 10 млрд сўм;
• Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказларини миллий чолғу асбоблари билан таъминлаш учун 10 млрд сўм;
• Хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистонда кино ишлаб чиқариш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 5 млрд сўм.
Шунингдек, Маданият вазири жамғармаси маблағларига 50 млрд сўм ажратилган. Ушбу маблағлар маданият соҳасини ривожлантириш ва кино саноатини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.