Бошқа мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам телевизион сериаллар машҳур. Табиийки, бу ҳодиса кўплаб мутахассислар – санъатшунослар, социологлар, реклама берувчилар, психологлар томонидан ўрганиш объектига айланиб улгурган. Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти докторанти, журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўқитувчиси Моҳинур Ахметжанова сериалларимизнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида мухбиримизга гапириб берди.
Суҳбатимиз бошида мутахассис сериалнинг оддий филмдан фарқларини тушунтириб берди. Сериал телевизион кино бўлиб, драма, режиссёрлик ва операторлик ишларига оид телевидение қоидаларига мувофиқ суратга олинади. У узлуксизлик орқали томошабинга доимий таъсир кўрсатишга қодир. Албатта, сериалда томоша ва кўнгилочарлик анча юқори бўлади.
Ахметжанованинг айтишича, Ўзбекистонда телесериал формати қийин кунларни бошдан кечирган. Биринчи телесериалларда кўп қисмли телевизион филм ва телеспектакль форматларидан олинган элементлар мавжуд эди. Бироқ, кейинчалик телесериал алоҳида медиа-маҳсулот эканлиги маълум бўлган. Буни англаш ўзбек телесериалларини шакллантириш учун асос вазифасини ўтаган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, , гарчи аслида сериалнинг ватани Америка Қўшма Штатлари ҳисоблансада, томошабинларимизни сериаллар билан таништириш Лотин Америкасидаги суратга олинган "Изаура", "Бойлар ҳам йиғлайди" ва "Оддий Мария" сериалларидан бошланган.
"Лотин Америкаси сериали ўзининг сюжет асоси, соддалиги, қаҳрамонлар характерининг ёрқинлиги билан ўзбек жамоатчилигининг эътиборини тортди. Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, 90-йилларга қадар томошабинда танлов бўлмаган, зеро мамлакатимизда телесериаллар суратга олинмас эди. Бугунги кунда дунёда телесериаллар ҳар томонлама мураккаблашиб, ривожланиб бормоқда. Шунга кўра, томошабинларнинг диди ва даражаси ўсиб бормоқда, сериаллар сифатига талаб ортиб бормоқда", - деди Ахметжанова.
Санъатшуноснинг фикрича, энг машҳур ўзбек телесериалларига "Чархпалак", "Шайтанат", "Кўнгил кучалари", "Туташ тақдирлар", "Опа-сингиллар" киради. Ғоянинг аниқлиги, миллий колорит мавжудлиги, сценарийнинг пухта ўйланганлиги, мукаммал режиссёрлик ва операторлик ишлари, тажрибали актёрлар жамоасининг ижоди уларга муваффақият келтирган. Агар ушбу сериаллар воқеаларининг жадал суръати таъминланганида, низолар мураккаблашганда, қаҳрамонларнинг характерлари чуқурлаштирилганида буларнинг барчаси уларнинг бадиий қийматининг янада ўсишига ва кейинги муваффақиятларига ёрдам берарди. Айни пайтда "Саодат", "Қадам", "Мени асра", "Мени сев", "Қодирхон" телевизион ва веб-сериалларида юқори рейтингларга эга эканини кўриш мумкин.
Бугунги кунда телесериалларнинг жамият ҳаётидаги роли ўзгариб бормоқда. Уларда сценарий катта экрандаги баъзи кино намуналарига қараганда анча мураккаб бўлиб бормоқа. Масалан, "Твин Пикс, "Гуноҳга ботиш", "Доктор Хаус", "Менталист", "Детектив Монк", "Люцифер”, “Шерлок", “Тахтлар ўйини", "Қоғозли уй" каби жуда мураккаб сериаллар яратилди.
“Бундан ташқари, сериал томошабинларининг катта қисми, аввалгидек, ибтидоий сюжетга ўрганиб қолган уй бекаларидан иборат, деб айтиш мумкин эмас. Дунёда телевизион саноат жадал ривожланмоқда, интеллектуал қатлам вакилларини қизиқтириши мумкин бўлган сериаллар яратилмоқда. Афсуски, бизда бундай сериаллар йўқ”,- дея таъкидлади санъатшунос.
Шунингдек, Ахметжанованинг таъкидига қараганда, ҳозирда Ўзбекистонда телесериаллар фақат давлат буюртмаси бўйича суратга олинаётгани йўқ. Бизда давлат буюртмасига кўра суратга олинган, хусусий телеканаллар томонидан буюртма қилинган ва веб-сериаллар мавжуд.
Веб-сериаллар интернет-платформалари учун хусусий студия сериаллари ҳисобланади. Давлат буюртмаси бўйича телесериал яратиш жараёни ҳали ҳам давом этмоқда. Хусусан, мамлакатимизда "Оммавий ишлаб чиқаришнинг Миллий концепцияси" ишлаб чиқилаётгани ҳақида хабар берилган. Бу телесериалларни ишлаб чиқишга кўпроқ эътибор қаратилишини англатади.
Оқимли платформаларга оид сериалларга келсак, Netflix платформаси буюртмаси бўйича Ўзбекистонда "Аъло даражадаги даҳшат” веб-сериали; Salom Social Media буюртмаси бўйича - "Ҳелло, ойижон", "Тошкентлик Фара", "Мени сев" ва "Тошкент 94” сериаллари суратга олинган, "Хоким бува" веб-сериали Media House Production ва Voxe Tv студиялари томонидан, “Маҳфий” номли сериал эса Navo Media Solutions томонидан суратга олинган.
Тарбиявий ва маърифий вазифаларни кўнгилочар ва жозибадорлик билан бирлаштириш муҳимдир. Ахметжанованинг фикрига қараганда, "Чархпалак", "Шайтанат", "Занжир", "Домла", "Қуёши ботмайдиган юрт" и "Гулхан атрофидагилар" сериалларида инсоннинг юксак ҳис-туйғуларини улуғлашни кўриш мумкин. "Сардор", "Эзгулик худуди", "Чегарадаги қишлоқ", "Чегарадаги қишлоқ 2", "Сержантлар", "Фидойилар" номли миллий сериалларда ватанпарварлик, фидойилик ва бошқа мавзулар ёритилган. Аммо дилактик ва насиҳатомуз тарзда суратга олинган сериалларни кўнгилочарлик билан уйғунлаштириш қийин. "Ўзбектелефилм"нинг баъзи телесериаллари бу тузоққа тушиб қолади ва натижада уларнинг томошабинлари кам.
Маҳаллий сериаллар фақат "қайнона – келин" муносабатлари атрофида қурилган деган кенг тарқалган фикрга изоҳ бериб, санъатшунос бу мавзу хусусий телеканаллар буюртмаси бўйича суратга олинган кўпгина телесериаллар ва теленовелаларда ҳақиқатан ҳам машҳур эканлигини тушунтириб берди. Аммо бу муносабатлар аллақачон томошабинларнинг катта қисмида норозилик кайфиятини келтириб чиқарган.
"Аммо барча сериаллар ҳам бу мавзуга асосланмаган. Бунга юқорида айтиб ўтилган кўплаб миллий сериаллар, шунингдек, "Меҳробдан чаён", "Юсуф ва Зулайхо", "Жаҳон Отин Увайсий", "Лафз", "Худо", "Мафтуна", "Муҳаббатим қисматим", "Чемпионлик орзуси", "Жиблажибон", "Каминанинг оиласи", "Олтин даврим", "Артист", "Махфий", "Тошкентлик Фара", "Ҳоким бува" ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин",–дея таъкидлади суҳбатдошимиз.
Суҳбатимиз якунида Моҳинур Аҳмеджанованинг таъкидлашича, афсуски, томошабинларнинг аксарияти хусусий телеканалларда намойиш этилган сериалларни томоша қилишади ва давлат буюртмаси бўйича суратга олинган бошқа мавзулардаги сериалларни томоша қилишдан бош тортишади ёки жуда кам томоша қилишади. Кучсиз реклама ҳам бу жараёнга салбий таъсир қилмай қўймайди.