3 декабрь куни Абхазия парламенти депутатлари Россия компанияларига республикада инвестиция фаолиятини имтиёзли шартларда амалга ошириш имконини берувчи инвестиция шартномасини ратификация қилишдан бош тортдилар.
Абхазиядаги Telegram-каналларининг маълумотларига кўра, парламент кўпчилик овоз билан инвестиция шартномасини рад этган. Учинчи депутат бетараф қолган, ҳеч ким қарши овоз бермаган. Сессияда 12 нафар депутат қатнашмаган.
Бугун парламент олдида ушбу инвестиция келишувини қабул қилишга қарши бўлган фаоллар йиғилган. Сессия якунлангандан сўнг, мухолифат депутати Кан Кварчия сўзга чиқиб, бу келишувнинг "Абхазия учун номақбул" эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, "қилинган барча ишлар Россияга қарши эмас". Ижро этувчи ҳокимиятнинг келишувни бекор қилишини умид қилганларини айтиб, у: "Ушбу келишувни илгари суришда иштирок этадиган одамлар бор. Бу президент эди – у истеъфога чиқди, иқтисодиёт вазири ҳам", - деди.
Норозилик намойишлари давомида собиқ президент Бжания Россия оммавий ахборот воситалари эфирида мамлакатдаги норозилик намойишларини "Россияга қарши кайфият" билан боғлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 октябрида Россия ва Абхазия ўртасида Россия инвесторларига имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишни назарда тутувчи битим имзоланган. Ҳужжатга мувофиқ, Россия компаниялари Абхазияда қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт ва газ таъминоти соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишлари керак эди.
15 ноябрда республика парламенти ушбу ҳужжатни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиши керак эди, аммо бу масала мамлакатда норозиликларга сабаб бўлди. Мухолифатчилар келишувнинг миллий манфаатларга зарар етказиши ва маҳаллий бизнесни қийин аҳволга солиши ҳақида таъкидладилар. Норозиликлар натижасида Абхазия президенти Аслан Бжания истеъфога чиқди.
Абхазияда президент сайлови 2025 йил 15 февралга белгиланган. Шу билан бирга, Бжания яна сайловда давлат раҳбари лавозимига номзод сифатида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.