Ўзбекистонлик тикувчи ва тадбиркор Дилором Йўлдошева 2024 йил учун Би-би-си томонидан эълон қилинган бутун дунё бўйлаб 100 та илҳомлантирувчи ва нуфузли аёллар рўйхатига киритилди. Бу рўйхатда Нобел тинчлик мукофоти совриндори Надия Мурад, зўрлаш қурбони ва фаол Жизель Пелико, актриса Шэрон Стоун, Олимпия спортчилари Ребека Андраде ва Аллисон Феликс, хонанда Рей, рассом Трейси Эмин, иқлим ўзгариши фаоли Аденике Оладосу, ёзувчи Кристина Ривера Гарза каби нуфузли шахслар ҳам бор.
Дилором Йўлдошева икки йил олдин бахтсиз ҳодиса натижасида иккала оёғини йўқотган. Аммо у умидсизликка тушмай, янги нарсаларни ўрганишга ва ёш ўзбек аёлларига пул топишга ёрдам бериш мақсадида тикувчилик бизнесини очишга қарор қилди. У тадбиркорлик ва ресурсларни бошқариш асосларини ўрганиб, 40 дан ортиқ аёлларга тикувчилик бўйича таълим берди. Унинг компанияси тез орада ўсиб, ишчилар ва мактаб ўқувчилари учун форма тикиш бўйича шартномалар тузди. Бундан ташқари, унинг бизнеси ўзи учун ҳам, бошқа аёллар учун ҳам даромад манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Лойиҳа муаллифлари "матонат" сўзини калит сўз сифатида танлашганини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, бу йил бутун дунё бўйлаб кўплаб аёллар учун жуда қийин бўлган. Шу сабабли улар чидамлилиги билан ҳаётни яхшилашга интилаётган аёлларни танлашга ҳаракат қилишган.
Би-би-сининг "100 аёл" лойиҳаси, жаҳондаги аёлларнинг барча қийинчиликларга қарамай, маҳаллий жамоаларда етакчилик ролини ўз зиммасига олиб, жамиятдаги ўзгаришлар учун курашни давом эттираётганини кўрсатади.