Фарғонада қорамоллар ўртасида юқумли касалликлар юзага келгани ҳақидаги хабарлар текширилди

Улашиш:

Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда «Риштон туманида қорамоллар номаълум касалликдан ҳалок бўлмоқда» деган мазмундаги хабарлар кенг тарқалди. Бу ҳолатни аниқлаш ва текшириш мақсадида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳ ҳудудга жўнатилди.

Ҳукм: Қисман тўғри

Мутахассислар ўрганишлар давомида қуйидаги ҳолатларга дуч келдилар:

  1. Ҳолат қандай бошланган?
    Риштон туманидаги «Мевазор» маҳалласи аҳолиси ноябр ойида қорамолларида қуйидаги белгиларни кузатган: тана ҳарорати кўтарилиши, терида тошмалар пайдо бўлиши ва оқсоқланиш. Бунинг оқибатида улар мутахассисларга мурожаат қилган.

  2. Текширув натижалари нима кўрсатди?
    Мутахассислар касалликнинг сабабини қорамолларнинг нотўғри озиқлантирилиши, молхоналарнинг санитария-ветеринария талабларига жавоб бермаслиги, шунингдек, молларнинг бир-бирига шикаст етказиши билан боғлиқ деб баҳоладилар. Яъни бу ҳолатлар юқумли касаллик эмас, балки эҳтиётсизлик ва шароитларнинг бузилиши натижаси экани аниқланди.

  3. Ҳолатнинг оқибатлари қандай бўлди?
    Ветеринария мутахассислари ўз вақтида зарур ёрдам кўрсатиб, касалланган қорамолларга муолажа ўтказди. Бироқ, бир ҳолатда эгаси кеч мурожаат қилганлиги ва муолажаларни ўз вақтида амалга оширмагани сабабли бир бош қорамол ҳалок бўлган.

  4. Фарғонада эпизоотик вазият барқарор
    Текширув давомида Риштон туманидаги 2000 бошга яқин қорамолга юқумли касалликларга қарши эмлаш ўтказилганлиги маълум бўлди. Шундай қилиб, туманда ҳам, бутун Фарғона вилояти ҳудудида ҳам эпизоотик вазият барқарор ва юқумли касаллик хавфи йўқ.

Тарқалган асоссиз маълумотлар аҳоли орасида ортиқча хавотир уйғотган. Махсус мутахассислар вазиятни назоратга олишган ва зарур чораларни кўришган. Барча чорвадорлар қорамолларнинг соғлиғи учун санитария қоидаларига риоя қилишлари ва ўз вақтида мутахассисларга мурожаат қилишлари лозим.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.