Таиланд полицияси рейд давомида тиланчилик билан шуғулланган бир аёлни ҳибсга олди ва у кутилмаганда бой экани аниқланди, деб ёзади Bangkok Post.
Бангкок кўчаларида уйсизлар ва тиланчилар сони кўпаяётганидан норозилик билдирган фуқароларнинг шикоятлари ортидан полиция рейд ташкил қилди. Натижада, 12 киши қўлга олинди, улар орасида тиланчи аёл ҳам бор эди. Ундан тинтув пайтида 311 минг бат (ўн минг АҚШ долларига яқин) миқдорида нақд пул топилди. Бундан ташқари, аёлнинг банк ҳисобварағида бир миллион бат (тахминан ўттиз минг доллар) сақланаётгани ҳам маълум бўлди.
Сўроқ жараёнида аёл шаҳар кўчаларида тиланчилик қилиб, шунча маблағ йиғганини тан олган. Унинг ҳолати полиция ва жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.