“Бир қозонда қайнамаган икки бош” ёхуд Сталин билан келишмай қолган маршал Жуков тақдири

Улашиш:

Маршал Георгий Жуков Берлинни “олган”, Германия капитуляциясини қабул қилган ва 1945 йили Қизил майдондаги парадга бошчилик қилгани билан барчага маълум. “Ғалаба маршали” номига қарамай, урушдан кейин у қийин аҳволда қолади: Сталин ва партия етакчилари Жуковнинг халқ орасидаги машҳурлигини ҳазм қила олмайди ва унга қарши “ўлжа иши”ни бошлайди. Маршал Германиядан шахсий фойдаланиши учун мебел, картиналар, гиламлар ва бошқа интерер буюмларини олиб келганликда, уларни шаҳар четидаги ҳовлисида сақлаганликда айбланади. Қуйида Совет ҳарбий қўмондонлари орасида энг машҳурларидан бири бўлган Жуков ҳақида ҳикоя қиламиз.


Фото: “ТАСС” / СССР маршали Георгий Жуков

Уйга кирар экансан Германияда эмас, Москвада эканингни тасаввур қилиш мушкул эди”, — дейилади “ўта махфий” тамғаси босилган ҳужжатда. 1948 йил январда совет етакчиси Иосиф Сталиннинг шахсий кўрсатмасига биноан Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари Жуковнинг уйи ва дачасида тинтув ўтказади. Тинтув натижалари тўғрисида раҳбариятга зудлик билан ҳисобот берилади.

Улардан Москвадаги квартирадан “олтин, бриллиант ва бошқа қимматбаҳо буюмлар солинган чамадон ва қутини” қидириб топиш талаб этилган. Чамадон топилмайди, қути эса ётоқхонада сейфда сақланарди. Унинг ичида 24 та соат бўлиб, уларнинг 17 таси олтиндан ишланган, яна 3 таси қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди. Шунингдек, у ердан олтин узук ва тумор, олтин портсигар, занжир ва билакузуклар, зираклар топилади.

Жуковнинг квартирасидан унинг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган барча нарса олиб кетилгандек эди гўё”, — дейилади ҳужжатда. Шундан кейин тинтув маршалнинг “Рубльёвка”даги уйида ҳам ўтказилади. Сталинга етказилган ҳисоботда айтилишича, дачанинг иккита хонаси “омборга айлантирилган бўлиб, у ерда турли қимматбаҳо буюмлар сақланади”.

Мавжуд буюмлар рўйхати бир неча саҳифадан ўрин олади. Маршалнинг шаҳар четидаги қароргоҳидан 4 минг метрдан ортиқ жун, шойи ва бахмал газламалар топилган эди. Шунингдек, 323 та сувсар, тулки, қоракўл мўйналари, 44 та қимматбаҳо гилам борлиги аниқланади — улар Потсдам ва Германиянинг бошқа шаҳарларидан олиб чиқилган.

Бундан ташқари, тинтув гуруҳи 55 та картинани ҳам топади — уларнинг катта қисми дача бўйлаб илиб ташланган, айримлари эса омборга жойланган эди. Қимматбаҳо чинни идишлар солинган еттита катта қути, кумуш қошиқлар бор иккита қути, “Голанд-Голанд” фирмасига тегишли 20 дона ов қуроли ҳам ўша ерда сақланганарди. “Буларнинг барчаси 51 та қути ва чамадонда сақланар, шунингдек, уйилиб ётарди”, — дейилади совет етакчисига етказилган ҳисоботда.

Фото: “ТАСС” / Иосиф Сталин ва маршал Жуков

Жуковнинг дачаси худди ноёб буюмлар сотиладиган дўкон ёки музей кўринишида, унинг ичида қиммат турувчи картиналар илиб ташланган, хусусан, ошхонанинг ўзига тўртта картина илинган. Вазият шундайки, Жунковнинг ётоқхонасидаги кровати устига икки нафар яланғоч аёл тасвири туширилган улкан картина илинган”, — дея етказилган маълумотда.

Шу билан бирга, тинтув ходимлари хоналардаги чинни ва бронза ҳайкалчаларга, шунингдек, “хориждан олиб келинган турли буюмлар”га эътибор қаратган. Улар маршалнинг қароргоҳида СССРда ишлаб чиқарилган бирор буюм йўқ деган хулосага келади (уйга киришдаги пояндоздан ташқари) — ҳамма жойга немис мебели, идиш-товоқлари, безаклари қўйиб ташланган.

“Машина бошқармас, лекин тез ҳаракатланишни яхши кўрарди”

Маълумотларга кўра, Жуков Германиядан нафақат интерер буюмлари ва мебеллар, балки машиналар ҳам олиб келган. Улар орасида зирҳланган Mercedes-Benz 770, Horch 853 спорт машинаси ва тонғич қизига совға қилган Horch 951 бир ҳам бўлган. Маршалнинг Москвада шахсий машиналари ҳам бор бўлиб, улардан орасидан Иосиф Сталин совға қилган Packard 180 ўрин олган.

Фото: Science Source / 1941 йилда ишлаб чиқарилган Packard автомобили

Жуковнинг шахсий ҳайдовчиси бор эди — Давлат хавфсизлик қўмитаси Халқ комиссариатининг биринчи тоифали разведкачи-ҳайдовчиси Александр Бучин. Маршал кўплаб ҳарбий қўмондонлар ва юқори мартабали амалдорлар каби машина бошқармас, аммо тез ҳаракатланишни яхши кўрарди. Фронт йўллари бўйлаб уни “ГАЗ-61” ташиган. 1941 йилда маршал яна битта машина — йўлтанламас Horch ни қўлга киритади — у Германиянинг СССРдаги собиқ элчихонаси гаражидан топилган.

Шундан сўнг, Жуков Америкада ишлаб чиқарилган Willys дан фойдаланишга ўтади, 1944 йилда эса ўлжа сифатида киритилган премиум синфига оид машинада юра бошлайди. Автомобильлар совет қўшинлари томонидан эгалланган Софиядаги немис ҳарбий атташесининг гаражида қолади. Маршалнинг ҳайдовчисига кўра, улар зирҳланган 5 тоннали Mercedes ни танлашга қарор қилган — машина соатига 200 километргача ҳаракатлана олган. Жуков ушбу машинада совет қўшинлари томонидан эгалланган Берлинга кириб келади. Гитлер Германиясининг капитуляцияси тўғрисидаги актни имзолашга бағишланган тантанали маросимга эса Packard автомобилида ташриф буюради.

“Бу кераксиз лаш-лушларни топшириб юбормаганим учун айбимни тан оламан”

Фото: Getty Images / АҚШ президенти Дуайт Эйзенхауэр ва Георгий Жуков

Жуковнинг боши узра пайдо бўлган қора булутлар 1946 йил ёзига келиб қуюқлашади. У ўлжаларни ноқонуний равишда ўзлаштириб олганликда ва “Гитлернинг мағлуб этишда ўз хизматларини ошириб кўрсатганлик”да айланади, маршалга қарши “ўлжа иши” очилади.

Бу лаш-лушлар ҳеч кимга керак эмас дея ўйлаб, уларни бирор омборга топшириб юбормаганим учун айбимни тан оламан”, — дейилади Георгий Жуковнинг Марказқўм котиби Андрей Жданов номига ёзган тушунтириш хатида.

Натижада у қуруқликдаги қўшинлар бош қўмондони лавозимидан олинади ва Одесса округи қўшинлари қўмондони лавозимига тайинланади. Икки йил ўтгач у Урал ҳарбий округи қўмондонлиги лавозимига ўтказилади.

Жуков Свердловскда 1948 йилдан 1953 йилгача яшайди. Тўрт карра Совет Иттифоқи Қаҳрамони келаётганидан хабар топган халқ уни катта хурсандчилик билан қарши олади. Маршал оиласи билан Ново-Тихвинскийдаги кошонага жойлашади. У тез-тез овга чиқиб турар, Балтим кўлидаги дачада ҳордиқ чиқарар эди.

Фото: Wikimedia Commons / Жуков оиласи даврасида

Жуков ёзувчи Павел Бажов исмли ёзувчи билан яқиндан дўстлашади. 1950 йил декабрда Бажов Москвадаги шифохоналарнинг бирида ўпка саратонидан вафот этганида маршал унинг тобутини кўтарганлардан бири эди.

1950 йилда Жуков округ ҳарбий госпиталида ҳарбий шифокор Галина Семёнова билан билан танишади. Бу вақтда маршал 54 ёшда, қиз эса ундан 30 ёш кичик эди. Охир-оқибат у маршалнинг учинчи рафиқасига айланади ва Мария исмли қиз туғиб беради. Сталиннинг ўлимидан кейин Жуковга Москвага қайтиш учун рухсат берилади. У СССР мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллайди, икки йилдан кейин эса Совет Иттифоқи мудофаа вазири бўлади.

“Авантюрага мойиллиги бор”

Пойтахтда Жуковлар оиласи граф Шереметевнинг собиқ олти хонали квартирасига жойлашади. Қўшнилари орасида партия етакчилари, вазирлар ва ғалаба қаҳрамонлари ҳам бор эди: Конев, Рокоссовскийлар, Будёнийлар, Малинковскийлар ва ҳоказо. Улар бошқа совет одамларида ўзининг бадавлат экани билан ажралиб турарди.

Мазкур оилаларда дунёга келган болалар ўз тенгқурлари коммунал квартираларда яшаётгани, мамлакатда озиқ-овқат карточка билан тарқатилаётгани, ҳамманинг ҳам дачаси бор эмаслиги, кимда бўлса ҳам у ерга машинада боришга барчанинг ҳам қурби етмаслиги ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасдилар.

Жуковларнинг квартираси деярли бўм-бўш эди. Ҳукумат бу ерда яшайдиган фуқароларга мебел ва бошқа маиший буюмларни олишга рухсат берарди, бундан фойдаланиш эвазига улар ҳар ой пул тўлаб туриши талаб этилар эди. Маршал ҳамда унинг қариндошлари эса ўз мебелига эга бўлишни истарди.

Фото: Wikipedia

Ушбу кўчада СССР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тўртинчи бош бошқармаси ҳузуридаги соғломлаштирувчи ошхонаси ҳам жойлашган бўлиб, кейинчалик у “Кремль ошхонаси” номини олганди. У ерга бириктирилган ҳар бир инсонга тушлик ва кечки овқат учун талон берилар, ҳатто овқатни уйга буюртма қилиш ҳам мумкин эди. Квартирани тозалаш ва уйни йиғиштиришга ҳам оқсоч аёллар кўмаклашган. Маршал ишга пиёда қайтар, тушликни эса кўпинча уйида қиларди.

Жуков мудофаа вазири лавозимида икки йил ўтиради. Хрушчёв даврида маршал яна ҳукуматдан четлатилади. Халқ орасидаги машҳурлик унинг зарарига ишларди: партиянинг юқори қатлами унга қарши бўлиб қолган эди. У нафақат мудофаа вазири лавозимидан олинади, балки Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси ва Марказий Қўмита Президиуми таркибидан ҳам чиқарилади.

“Правда” газетасида маршал Коневнинг мақоласи чоп этилади, унда Жуков партия ишончини оқламагани, “СССР ташқи сиёсати ва Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг муҳим масалаларида авантюризмга мойиллиги борлиги” қайд этилганди.

1960 йиллар ўрталарига келиб Брежнев даврида Жуков яна бир оз муддат эътиборга тушади. Леонид Брежнев Иккинчи жаҳон уруши мавзусига урғу беради ва Ғалаба парадларини кўпайтиради — бунинг учун эса Жуков керак эди. 1969 йилда унга “Хотира ва ўйлар” китобини чоп этишга рухсат берилади.

Ҳокимиятдан четлатилиш маршалнинг соғлиғига жиддий таъсир кўрсатган эди. 1973 йил ноябрда 53 ёшли рафиқаси Галинанинг вафоти унинг қаддини букиб қўяди. Жуков инфаркт бўлади. 1974 йилнинг майида у комага тушиб қолади ва 18 июнда Марказий клиник шифохонада вафот этади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.