Шавкат Мирзиёев янги “Kia Sonet” автомобилини кўрди

Улашиш:

“ADM Jizzakh” МЧЖ 2021 йилда ташкил этилган. Ўтган уч йилда унда “Kia”, “Chery” ҳамда “Haval” брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилди.

Президент Шавкат Мирзиёев “ADM Jizzakh” автомобиль заводи фаолияти билан танишди ва янги “Kia Sonet” автомобилини кўрди. 

Олдинлари Жиззах вилояти саноат кўрсаткичлари энг паст бўлган ҳудудлардан бири эди. Бугунги кунда ҳар бир туманга саноат кириб борди. 

Вилоят саноатини ривожлантиришда “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси катта ўрин тутмоқда. У маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республикада учинчи, экспорт ҳажми бўйича эса олтинчи ўринда туради.  Кейинги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, ишлаб чиқаришга қулайлик кенгайтирилди. Бугунги кунда саноат зонасида 33 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 минг 670 киши ишламоқда. 

“ADM Jizzakh” масъулияти чекланган жамияти саноат зонасида самарали фаолият юритаётган корхоналардан бири. У 2021 йилда ташкил этилган. Ўтган уч йилда “Kia”, “Chery” ҳамда “Haval” брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган. 

Лойиҳа доирасида 234 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, 1 минг 800 та иш ўрни яратилди. 

Биринчи босқичда йирик узелли йиғув йўлга қўйилган эди. Бир вақтнинг ўзида заводни кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилиб, жорий йил март ойида янги бино ва қувватлар ишга туширилди. Яъни, юқори технологияларни жалб қилган ҳолда штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғишни қамраб олувчи ишлаб чиқариш жараёни ташкил этилди. 

Давлатимиз раҳбари заводдаги ишлаб чиқариш жараёнини атрофлича кўздан кечирди. 

Корхона юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган. Улар Жанубий Корея, Япония ва Германия каби давлатлардан келтирилган. Заводда 30 та робот бор, ишлаб чиқариш жараёни 33 фоиз автоматлаштирилган. Автомобилнинг юриш қисмлари созлиги, статик ва динамик тормоз тизимини текшириш жиҳозлари ўрнатилган.    

Президентимиз заводда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, юртимиз саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бу борада ишлар бошланган. 2024-2027 йилларда 348 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиририш режалаштирилган. Айни пайтда мамлакатимиздаги 21 та  корхона билан кооперация тизими йўлга қўйилган. 

Умуман, корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Натижада келгусида иш ўринлари сони 3 мингга етказилиши кўзда тутилган. 

Автомобиллар сифатини янада ошириш мақсадида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой ва Вьетнам давлатларидан малакали мутахассислар жалб этилди. Бу борада хорижий ҳамкорлар билан жорий йилдан бошлаб дастлаб 50 нафар муҳандис Жанубий Корея ҳамда Хитойдаги тадқиқот ва лойиҳалаш марказларида малака оширишга юборилиши белгиланган. 

Давлат раҳбари заводда ишлаб чиқариш бошланган янги “Kia Sonet” автомобилини кўрди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.