Энергетика соҳасида тарихий воқеа: 3,7 миллиард долларлик қувватлар ишга туширилди

Улашиш:

13 декабрь куни Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва янги лойиҳаларга старт бериш маросими ўтказилди. Президент буни энергетика соҳасидаги тарихий воқеа деб атади.

Маросим доирасида умумий қиймати 3,7 миллиард долларга тенг бўлган 18 та янги қувват ишга туширилди. Шунингдек, қиймати 3,5 миллиард долларга тенг 6 та янги лойиҳа қурилиши бошланди. Ушбу тадбирлар мамлакат энергетика салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Ишга туширилган йирик объектлар:

  • 5 та қуёш ва шамол электр станцияси (Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида), умумий қуввати 2,3 минг мегаватт;
  • 5 та юқори кучланишли подстанция;
  • Андижон ва Фарғона вилоятларида Ўзбекистон учун илк бор 300 мегаваттли йирик энергия сақлаш тизими;
  • Қашқадарё вилоятида 400 мегаваттли замонавий электр станцияси;
  • Тошкент шаҳрида когенерация қурилмаси;
  • Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик гидроэлектр станцияси.

Янги қуриладиган лойиҳалар:

Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қуввати 2,5 минг мегаватт бўлган 6 та электр станциясининг қурилиши бошланди. Бу лойиҳалар хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Экологик ва иқтисодий самарадорлик

Президент таъкидлаганидек, янги қувватлар орқали:

  • 9,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади;
  • 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади;
  • 4,6 миллион тонна зарарли газ чиқарилиши камаяди;
  • 4 миллион хонадон узлуксиз энергия билан таъминланади.

Булардан ташқари, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми келгуси йилда 84 миллиард киловатт-соатга етиши кутилмоқда, бу 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт-соат ёки 1,5 баробар кўпроқдир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.