Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги "Йўлдош-6" (собиқ "Спутник-6") микрорайонининг иккита уйи аҳолиси қиш фаслини газсиз ўтказаётганини маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатда улар президентдан ёрдам сўраб, иккинчи бор мурожаат қилишган.
Маълум бўлишича, сентябрь ойида ушбу янги уйларда яшовчилар маҳаллий ҳокимият идораларига мурожаат қилган, бироқ уларнинг талаблари эътиборсиз қолган. Шундан сўнг аҳоли мамлакат раҳбарига шикоят йўллаб, газ таъминоти, кадастр ҳужжатлари ва бошқа муаммоларини ҳал қилишни сўрашган.
Сентябрь ойидаги мурожаатдан сўнг, ҳокимият вакиллари аҳолини барча муаммолар бир ой ичида ҳал этилишига ишонтирган. Бироқ вазият ўзгармаган: газ таъминоти таъминланмаган, одамлар ўз маблағлари эвазига газ ускуналарини харид қилганига қарамай, қиш совуқларига газсиз кириб боришган.
Аҳоли масъул идораларга қайта-қайта мурожаат қилган. Улар Янгиҳаёт тумани ҳокимлигига борганида, ҳокимият биносига киришга йўл қўйилмагани ва Миллий гвардия чақирилгани айтилади. Фуқароларнинг сўзларига кўра, гвардия ходимлари мурожаат қилувчиларни видеоларини ўчиришга мажбур қилган.
"Ҳурматли президент, бизга фақат газ керак. Майли, кадастр бўлмасин, лекин фарзандларимиз ва қарияларимиз совуқда азият чекмасин. Ёрдамингизни сўраймиз", – дейилади аҳолининг видеомурожаатида.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги мухбиримизга масъул ташкилотлар масалани ҳал этиш устида иш олиб бораётганини билдирди. Ҳокимликнинг маълум қилишича, газ таъминотига улаш ишлари 16 декабрдан бошланган. Шунингдек, 16-декабрга ўтар кечаси шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ушбу жойга ташриф буюрган ва эрталабдан бошлаб газ хизмати ходимлари ишга киришган.
Вазият бўйича кузатувларимиз давом этади ва келгуси янгиликларни тақдим этамиз.