Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига қаратилган суиқасд бўйича изоҳ бериб, ушбу ҳодисани "саҳна ортидаги пухта ўйланган сценарий" деб атади. У воқеада "чечен изи" борлиги ҳақидаги тахминларни рад этиб, Ғарб оммавий ахборот воситаларини воқеани атайлаб бўрттириб ёритишда айблади.
Қодировнинг таъкидлашича, 26 октябрь куни Қибрай туманида Комил Алламжоновнинг автомашинасига қилинган ҳужумни "суиқасд деб аташ қийин". У бу воқеани ҳақиқий хавфдан кўра медиа орқали тарқатилган шов-шувга кўпроқ ўхшатди. Шунингдек, у Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги раҳбари Дмитрий Лининг ўша иш билан боғлиқ "қурбонлардан бири" сифатида кўрсатилишини танқид қилди.
Чеченистон раҳбари терговчиларнинг ҳаракатларини текширишни талаб қилган ва жабрланганларни "рол ўйнамасликка" чақирган:
"Агар ҳақиқат бўлмаган маълумотларни тарқатиш давом эттирилса, барча фитналар ва туҳматлар учун жавоб беришларига тўғри келади", – деди Қодиров.
Шу билан бирга, у ўзининг бу ҳодисага алоқадорлигини қатъий инкор этиб, қуйидагича баёнот берди:
"Агар мен бундай ишни тайёрлаган бўлсам, уни охиригача етказган бўлардим. Мен ҳақимда нотўғри фикр юритманг."
Қодиров ҳодисани Ўзбекистон раҳбариятига қарши "сиёсий фитна" деб баҳолади ва унинг ортида мамлакат раҳбариятига таъсир ўтказишга уринишлар турганини таъкидлади.
Шунингдек, у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг оиласи атрофида пайдо бўлган миш-мишларни ҳам шубҳа билан қарши олди. Қодировнинг фикрича, ушбу шов-шувлар президентнинг яқин муҳитини заифлаштиришга қаратилган.
"Кимдир мамлакат раҳбариятидаги ишончли муҳитни бузишга ҳаракат қилмоқда. Бу сценарийнинг мақсади – Ўзбекистон раҳбариятининг яхлитлигини ва самарадорлигини заифлаштиришдир", – дея таъкидлади Қодиров.
Чеченистон раҳбари Мирзиёевнинг оиласини бу вазият бўйича баёнот беришга ва миш-мишларни рад этишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Алламжоновга қарши суиқасд билан боғлиқ ҳодисада Чеченистонда туғилган Бислан Расаев ва Шамил Темирхонов халқаро қидирувга берилган. Тергов ишлари давом этмоқда.