Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 25 декабрь куни “Суриштирув ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида аниқланган криптоактивларни мусодара қилиш, сақлаш ва топшириш тартиби тўғрисида”ги йўриқномани давлат рўйхатидан ўтказди.
Криптоактивларни мусодара қилиш тартиби
Ҳужжатга кўра, криптоактивлар:
- зарарни қоплаш учун мусодара қилиниши;
- тергов давомида далил сифатида қабул қилиниши;
- жиноят ишларини текшириш жараёнида хатланиши мумкин.
Бу жараёнлар криптоактивлар билан ишлаш кўникмаларига эга бўлган мутахассислар томонидан амалга оширилиши шарт. Шунингдек, тергов идоралари мусодара қилинган ва далил сифатида тан олинган рақамли активларнинг ҳисобини юритадилар.
Маълумот манбалари ва далиллар
Криптоактивлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид маълумот манбалари қуйидагилар бўлиши мумкин:
- шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарлар;
- хизмат кўрсатувчи провайдерлар ва майнерлар томонидан тақдим этилган маълумотлар;
- назорат қилувчи органларнинг ахборотлари;
- очиқ ахборот манбаларидан топилган маълумотлар.
Тергов давомида криптоактивларга боғлиқ далиллар ахборот қурилмалари, криптоҳамёнлар, қоғоз ёки қўлёзма қайдлардан топилиши мумкин.
Крипто соҳада лицензиялаш ва божлар
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги криптоактивлар айланмаси билан боғлиқ хизматлар учун лицензия бериш божлари миқдорини белгилаган:
- майнинг-пуллар учун — 1,125 миллиард сўм (3000 БҲМ);
- криптодўконлар учун — 1,3875 миллиард сўм (3700 БҲМ);
- криптодепозитарийлар учун — 2,625 миллиард сўм (7000 БҲМ);
- криптобиржалар учун — 27,525 миллиард сўм (73 400 БҲМ).
Хизмат кўрсатувчи компаниялар серверларини Ўзбекистонда жойлаштириши, ҳисоб-китоблар ва мижозлар маълумотларини беш йил давомида сақлаши шарт. Шунингдек, реклама талабларига риоя қилиш ва минимал устав фонди талабларини бажаришлари лозим.
Қонунчиликнинг амалдаги таъсири
Криптоактивлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни назорат қилишнинг кучайтирилиши, шу жумладан мусодара қилиш ва текшириш жараёнларининг қонуний тартибда амалга оширилиши Ўзбекистонда крипто соҳасини тартибга солиш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.