Кибержиноятларга қарши кураш ойлиги якунланди. Ойлик давомида ушбу йўналишдаги мурожаатлар 70 фоизга камайди

Улашиш:

Жиззахда бир ой давомида аҳоли кибержиноятлардан қандай ҳимояланиши юзасидан ўтган ойлик бугун ниҳоясига етди.

Вилоятимизда жорий йил июнь ва июль ойларида кибержиноятчиликни олдини олиш ва фуқароларни кибертаҳдидлардан огоҳ қилишга йўналтирилган “Cyber month” ойлиги ўтказилди ва барча соҳаларни, аҳолининг фаол қисмини қамраб олди.

Ойлик доирасида ўтказилган тадбир ва анжуманларда корхона ва ташкилотлар ишчи хизматчилари, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ходимлари, маҳалла фуқаролари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ёшлар ва блогерлар фаол иштирок этишди.

Ҳар бир ишда тарғибот муҳим ўрин тутади. Шу ўринда 11 та йўналишда ўтказилган тадбир, видеороликлар танлови аҳолининг тушунчаларини орттиришда, огоҳ бўлишда катта аҳамият касб этди.

Бугун Жиззах шаҳридаги киберспорт аренасида ушбу ойлик якунланиши муносабати билан ҳамда ойликда фаол қатнашган тарғиботчиларни рағбатлантириш мақсадида ойликнинг ёпилиш тадбири ташкил этилди.

Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда вилоятда фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланишининг олдини олиш ҳамда кибержиноятларга қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидладилар.

- Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармонининг 4-иловаси 30-банди ижроси юзасидан вилоятда “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” тадбирларини ўтказиш белгиланганлиги ушбу йўналишдаги ишларнинг тартибга солинишида муҳим аҳамият касб этмоқда, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Савурбоев.

Эслатиб ўтамиз, икки йилдан буён вилоятимизда “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” тадбирлари юқори савияда ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилда ҳам “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” тадбирлари Жиззах намунаси асосида бутун республикамиз миқёсида ўтказилди. 

Шундан сўнг, 11 та йўналишда ўтказилган тадбир, видеороликлар танлови аҳолининг тушунчаларини орттиришда, огоҳ бўлишда катта аҳамият касб этганлиги эътироф этилиб, танловда фаол иштирок этганлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига Жиззах вилоят ҳуқуқни мухофаза қилиш органларига банк карталари билан боғлиқ 548 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 207 тага (341 / 548) кўпайган.

Содир этилган ҳолатлар оқибатида фуқароларга жами 2 млрд. 199 млн. сўм моддий зарар етказилган. Шундан ҳозирга қадар, 1 млрд. 18 млн. сўми ундирилган бўлса, 1 млрд. 181 млн. сўми ундирилмасдан қолмоқда.

Мурожаатлар таҳлил қилинганда мурожаатчиларнинг 28 фоизи ўқитувчилар, 21 фоизи талабалар, 11 фоизи соғлиқни сақлаш ходимлари, ҳамда 40 фоизи бошқа (пенсионерлар, бола пули ва алимент олувчилар ва бошқалар) соҳа вакилларини ташкил этган.

Бу йилги “Cyber month” ойлиги доирасида ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида мазкур йўналишда мурожаатлар сони жорий йилнинг январь – май ойларига нисбатан июль ойига келиб, 70 фоизга камайишига эришилган.

Хусусан, май ойида 181 та мурожаат келиб тушган бўлса, июль ойида мурожаатлар сони 40 тани ташкил этди. 

Фирибгарлик билан боғлиқ, яъни фуқаролар кибер фирибгарларнинг алдовига учиб, сохта банк карталарига пул ўтказиб бериш билан боғлиқ мурожаатлар июль ойида қайд этилмаган.

Лекин, фуқароларнинг ўзини хабардор қилмасдан ўғрилик йўли билан, телеграм мессенжери орқали тарқалаётган вирус ва сохта қўнғироқ билан боғлиқ мурожаатлар сони камайишига эришилганига қарамасдан, бугунги кунда ҳам бу билан боғлиқ мурожаатлар мавжуд.

Бу ўз навбатида шуни кўрсатадики, соҳа мутахассислари билан биргаликда жойларда тарғибот тадбирларини кучайтириш, аҳолини кенг жалб қилган ҳолда содда ва тушунарли тарзда учрашувлар ўтказиш зарурлигини англатади. 

Ҳакимжон Фозилов

Фото: Ботир Қудратов

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.