Озарбайжон ҳаво йўллари самолётининг Ақтау яқинида ҳалокатга учраши бўйича Қозоғистон ҳукумати комиссияси 30 кун ичида дастлабки ёки оралиқ тергов натижаларини эълон қилади. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаев маълум қилди.
“Халқаро стандартларга кўра, дастлабки текширув натижалари 30 кун ичида тақдим этилади”, деди Ластаев.
Унинг айтишича, ҳозирда тергов жараёнининг “дала босқичи” амалга оширилмоқда. Ҳодиса жойида самолёт қолдиқлари ва излар йиғилмоқда. Термизатор маълумотларига кўра, ҳалокатга учраган самолёт экипажнинг сўнгги икки соатлик ишини қайд қилувчи махсус регистратор билан жиҳозланган.
“Бу ускуна ҳодисанинг тўлиқ манзарасини очиб беради. Ҳозирда барча жараёнлар тўлиқ назоратда”, деди Ластаев.
Қозоғистон ҳукумати самолёт ҳалокати сабабларини ўрганиш учун махсус комиссия ташкил этган. Комиссияга Бош вазир ўринбосари Қанот Бозумбаев бошчилик қилади. Шунингдек, комиссия таркибида тегишли вазирликлар раҳбарлари ҳам бор.
Қора қути таҳлили Бразилияда ўтказилади
Қозоғистон Транспорт вазирлиги ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутилари Бразилияга етказилганини тасдиқлади. Таҳлил жараёни халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади. Бундай қарор ICAO тавсиялари асосида ва Россия ҳамда Озарбайжон билан маслаҳатлашувлар натижасида қабул қилинган.
“Таҳлил жараёни юқори даражада ишончлилик ва ишлаб чиқарувчи тажрибасидан фойдаланишни кафолатлайди”, дейилади хабарда.
Самолёт ҳалокати
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines компаниясининг Embraer 190 самолёти Баку-Грозний йўналишида ҳалокатга учради. Бортда 62 йўловчи ва 5 экипаж аъзоси бўлган. Ҳодиса оқибатида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб ҳодисага қушлар галаси билан тўқнашув сабаб бўлгани айтилади. Кейинроқ, халқаро манбалар Россия томонидан учирилган ҳаво-ҳаво ракета таъсири бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
Озарбайжон ва АҚШ манбалари ҳам ташқи таъсир эҳтимолини таъкидламоқда. Россия эса вазият бўйича изоҳ беришни тергов якунларигача тўхтатиб туришини билдирган.
Шу билан бирга, ҳодисада жабрланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш учун бир қатор таклифлар берилди, аммо Озарбайжон ҳукумати ёрдамга эҳтиёжи йўқлигини маълум қилди.
Тергов жараёнлари давом этмоқда.