Гендер тенглиги йўлида: Самарқандда “Имкон” маркази тажрибаси ва натижалари

Улашиш:

Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича фуқаролик жамияти ва давлат идоралари ўртасида ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятида муҳим тадбир ўтказилди.

Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази директори Т.Умаров ва лойиҳа координатори С.Кунарова Самарқанд вилояти “Имкон” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон тараққиёти марказига ташриф буюришди. Ташрифдан мақсад — марказнинг ҳаракатлар режаси доирасидаги амалий фаолиятлари билан танишиш эди.

Марказ раҳбари Ф.Рахматов меҳмонларга тазйиқ ва зўравонликни барвақт олдини олиш, жабрланган аёлларга кўмак кўрсатишга йўналтирилган материаллар, жумладан, лойиҳанинг подкастларини тақдим этди. Подкастлар аҳолининг хабардорлигини ошириш ва уларни зарурий маълумотлар билан таъминлашга қаратилган.

Учрашув давомида ҳаракатлар режасини амалга ошириш жараёнидаги ютуқлар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди. Якуний ҳисобот шакллари бўйича батафсил маълумот тақдим этилди.

Марказ раҳбари Ф.Рахматов лойиҳанинг жамиятдаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини камайтиришда, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги муҳим аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Ушбу тадбирлар гендер тенглигини таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.