Сурияда давлат хизматчиларининг маошлари тўрт баробарга оширилади

Улашиш:

Сурия муваққат ҳукумати 2025 йил феврал ойидан бошлаб давлат сектори ходимларининг ойлик маошларини 400 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Муҳаммад Абазид маълум қилди.

13 йиллик низолар ва халқаро санкциялар сабаб жиддий иқтисодий қийинчиликларга дуч келган мамлакатни тиклаш мақсадида ушбу чоралар кўрилмоқда, деб ёзади Arab News.

Муҳаммад Абазиднинг таъкидлашича, давлат сектори ходимлари аввал ойига атиги 25 доллар маош олар эди. Янги режа иш ҳақларини ошириш орқали ходимларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган.

Маошларни ошириш учун 125 млн доллар миқдорида маблағ талаб этилади. Бу маблағ ҳудудий ёрдам дастурлари, янги сармоялар, хорижда музлатилган активларнинг қайтарилиши ва Дамашқ назоратидаги ички манбалар ҳисобидан таъминланади.

Сурияда давлат хизматчиларининг умумий сони тахминан 1,3 миллион нафарни ташкил этади. Маош ошириш асосан малакали ва тажрибали ходимларга татбиқ этилади.

Бу қарор мамлакат аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга ва иқтисодиётни барқарорлаштиришга қаратилган қадам сифатида баҳоланмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.