Қозоғистонда бола 39 та магнит шарикчаларни ютиб юборган

Улашиш:

Қозоғистонда тўрт ёшли бола 39 та магнит шарикчаларни ютиб юборди. Шифокорлар унинг ҳаёти учун беш соат давомида кураш олиб, уни қутқаришга муваффақ бўлишди.

Акмола вилояти болалар касалхонасининг жарроҳлари 2 январь куни Зеренда қишлоғидан оғир ҳолатда олиб келинган боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун мураккаб операция ўтказишди. Болада кучли қорин оғриғи ва қусиш каби жиддий аломатлар кузатилган. Онаси боланинг 31 декабрь куни бир нечта магнит шарикчаларни ютиб юборганини пайқаган бўлса-да, унинг ҳолати тезда ёмонлашган.

Рентген текшируви натижасида боланинг ичакларида кўплаб бегона жисмлар борлиги аниқланган. Болалар жарроҳи Салимжон Жакупов раҳбарлигидаги операция жараёни беш соат давом этди. Жарроҳлар йўғон ва ингичка ичакларга зарар етказган, перфорация ва перитонитга сабаб бўлган 39 та магнит шарикчаларни муваффақиятли олиб ташлашди. Операция жароҳат етказиш хавфи юқори бўлганлиги сабабли мураккаб кечди, бироқ шифокорларнинг профессионал маҳорати туфайли бола ҳаёти қутқарилди.

Шифокорлар шунга ўхшаш ҳолатларнинг олти ой ичида учинчи марта кузатилганини таъкидладилар. Улар ота-оналарни болаларнинг хавфли ўйинчоқлар билан ўйнашини чеклашга ва уларга доимо диққат қилишга чақиришди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.