Рус девининг қисмати

Улашиш:
ДУНЁДАГИ ЭНГ НОВЧА ОДАМ – 2 МЕТР 85 САНТИМЕТРЛИ БЎЙГА ЭГА ФЁДОР МАХНОВ БИР ЎТИРИШДА 2,5 КИЛО ГЎШТ, 3 БУХАНКА НОН ЕГАН, УНИНГ ВАЗНИ 182 КИЛОГРАММ ЭДИ...

Ота-онаси оддий...

Фёдор Андреевич Махнов 1878 йил 6 июнда туғилган. Ўшанда унинг бўйи 3 газ (0,71 м.га тенг) 9 вершок (4,4 см) эди. Гувоҳномада эса хато равишда 3 газ 8 вершок деб ёзилган.  Махновнинг бўйи 16 ёшида, циркка ишга таклиф қилинганида қайд этилди. Кейинчалик унинг хотини бу хатони тўғирлаб ёздирмоқчи бўлди, бироқ биринчи жаҳон уруши бошланиб, халақит берди. Фёдорнинг қадди 2 метр 85 сантиметр эканлиги варшавалик антрополог Лушан томонидан 1903 йилда қайд этилган. Буни француз биологи Ж.Ростан ўзининг «Ҳаёт» китобида ва рус фантаст адиби А.Беляев ҳам тасдиқлашган...

Фёдорнинг ота-онаси бошқалар қатори ўртача қоматга эга эдилар. Аммо у жуда баҳайбат ҳолида дунёга келди, шу боис туғруқ пайтида онаси ҳаётдан кўз юмди.

Фёдорни амакиси вояга етказди. У жиянини жудаям яхши кўрарди. Бола ой сайин ўсар, 16 ёшида эса 24 соат давомида узлуксиз ухлар эди. У фақат бўйи билан эмас, бақувватлиги билан ҳам бошқалардан фарқ қиларди. Феъли эса мулойим, ўзгаларга нисбатан хушмуомала эди. Далада кўп ишлар, темирчига ёрдам берарди. Гармошкада яхши ўйнар эди.

Бир куни Фёдор Махновни бозорда цирк соҳиби – немис Отто Билиндер кўриб қолди. Кейин унинг отаси билан гаплашиб, ўғлини Германияга, циркка ишлашига рухсат беришини ўтиниб сўради. Шу зайлда Махнов немис диёрига кетди.

Отто унинг куч-қувват тўплашига ғамхўрлик қилиб, яхшигина пул ҳам тўларди. У Фёдорни ўзининг уйига жойлаштириб, сабоқ олиши учун мураббий тайинлади (Махнов бор-йўғи 3-синфгача ўқиганди), цирк трюкларини ўргатди. Фёдор кафти билан ғиштни уриб мажақлайдиган, қалин михларни букиб-ёзидиган, ётган ҳолида чолғу асбоблари билан жойлашган мусиқачилар ўтирган тахтани кўтарадиган бўлди. Томошабинлар эса циркка кўпроқ ҳақиқий Гулливернинг ўзини кўриш учун келишарди. Махнов кундан-кунга эмас, соатма-соат ўсар эди. 25 ёшида у 2 метр 85 сантиметрга етди.

Қамоққа сиғмайди!

Архив ҳужжатларида Махновнинг немислар пойтахтига оид тафсилотлари сақланиб қолган. Немислар унинг ҳар қандай инжиқларига лаббай дердилар. Қиш ўрталарида Махнов ертут егиси келди ва бу мевани топиб келтиришди. Голландия, Парижда эса Фёдор бир неча марта шартномани бузди. Бир гал безорилиги учун уни қамоққа тиқмоқчи бўлдилар, бироқ Париж турмахоналари бундай улкан бўйга эга одамга мутлақо тўғри келмас эди.

Фёдор Германияда бўлганида уйга қайтишни хоҳлар эди. Анчагина пул йиққач, хўжайин қолишга ундаса-да, қадрдон Костюкка кетди. Бироқ ота уйида яшашига бўйи халақит берди. Бу пайтда бадавлат заминдор Кржижановский ўзининг мулкини сотаётган эди. Махнов ушбу мулкни ери билан қўшиб сотиб олди ва ўзига мослаб уй қурди. Кейин уйланиш ҳақида бош қотирди. Аммо бу осон эмас эди. Қизлар бу алпқомат девга турмушга чиқишни хоҳлашмасди.

Ниҳоят шундай қиз топилди: ўқитувчи Ефросинья Лебедева! Унинг бўйи 1 метру 85 сантиметр эди. Ефросинья Фёдордан икки ёш кичик эди (у эри – Махновнинг ўлимидан сўнг яна 35 йил яшаган ва 1947 йилда ҳаётдан кўз юмган).

1903 йилда уларнинг қизи Мария дунёга келди, яна бир йил ўтиб, ўғил бола Николай туғилди. Фёдор оиласига вафодор бўлиб, болаларини жудаям яхши кўрарди. Бошқаларни ҳам қадрлар, деҳқонларга ёрдам берар эди. Германиядан эса уни тўхтовсиз равишда циркка таклиф қилавердилар.

Улар бир оила бўлиб саёҳатга чиқишди. Фёдор Германия канцлери, Рим папаси ва АҚШ президенти Теодор Рузвельт қабулида ҳам бўлди. У океанни кесиб ўтиши учун кема каютасини бузиб, қайтадан унга мослашарди. Ефросиньяга бундай ҳаёт ёқиб, ҳатто Германияда қолиш ҳақида ҳам ўйлади. Бироқ немис врачлари баҳайбат эрининг ўлимидан сўнг суякларини илмий тадқиқот учун олиб қолиш ҳақида шартнома тузмоқчи бўлишганида Фёдорга қўққисдан бирор гап бўлишини ўйлаб, қўрқиб кетди. Шундан сўнг улар уйга қайтишди.

«Ечиниб бўпман!»

Парижда антропология маркази аъзолари бу улкан одамнинг ноодатий гавдасини синчиклаб ўрганмоқчи бўдилар. Махнов эса бутун умри давомида шифокорлар олдида ечинишдан бош тортиб, фақат бўйи ва кафтларини ўлчаб кўришларига рози бўларди.

Нима бўлганда ҳам унга нисбатан қизиқиш ниҳоятда катта эди. Тадқиқотчилар Махновнинг етти авлодигача суриштирардилар. Фёдор Махнов Россияга жанубдан, Суриядан келганлар авлодидан бўлиб чиқди. Унинг ота-онаси, икки опаси ҳам новча эмас эди. Фақат бобоси қадбаланд, аммо баҳайбат бўлмаган. Фёдорнинг қадди-қомати ҳақида тасаввур қолиши учун унинг этигини мисол келтириш мумкин. Тиззасигача киядиган этиги оддий одамнинг бўйнига қадар келарди, 12 яшар бола бу этикка бемалол кириб жойлаша оларди.

Фёдор ва Ефросиньянинг беш нафар фарзанди бор эди. Махновнинг гавдаси ўзига мутаносиб эмас, оёқлари ҳаддан зиёд узун эди. Фарзандлари эслашига кўра, у каравотда ётган кўйи кўпинча оёғини узатиб, печда иситган.

Антропологлар Махновни «фақат оёқдан иборат» деб қайд этишганди. Агар у оёқсиз туғилганида ўрта бўйигача ҳам ўсмаган бўларди. Махновнинг боши эса улкан гавдасига бесўнақай кўриниш берган эди, Фёдор нигоҳларни чалғитиш мақсадида чиройли казак либосини кийиб юрарди. Махновнинг қулоқлари 15 см, лаблари 10 см эди.

Барча қатори у бир кунда тўрт марта овқатланарди. Махновнинг эрталабки нонуштасига ўртача оддий оила икки кун тамадди қилиши мумкин эди. Ўша вақтдаги матбуот нашрларида бу ҳақда махсус маълумот берилган. Махнов эрталаб 20 та тухум, 8 та думалоқ буханка нонни мой билан паққос туширар, 2 литр чой ичарди. Тушликда эса 2,5 кило гўшт, 1 кило картошка еб, 3 литр пиво ичарди. Кечки овқати яна 2,5 килограмм гўшт, бир тоғора мева-чева, 3 буханка нон ва 2 литр чойдан иборат эди. Уйқудан олдин эса 15 та тухум еб, бир литр сутни сипқорарди.

Ўлим ва тадқиқот

Бу энг улкан одам 1912 йилнинг 28 августида ҳаётдан кўз юмди.

Немис тиббиётчилари хулосасига кўра, Махнов аксарият баҳайбат одамлар азият чекадиган суяк сили туфайли вафот этган. Аслида эса у шамоллаган ва зотилжамлик хасталигига йўлиққан эди.

1935 йилда Махновнинг ўғли Родион Минск тиббиёт институтида таҳсил олар экан, маърузалардан бирида профессор ўқитувчи Фёдор Махнов ҳақида гапириб қолди. Шунда барчани ҳайратга солиб, Родион ўрнидан турди-да, Фёдор Махнов отаси бўлганини маълум қилди. Шундан сўнг ундан оиласини отасининг скелетини сотишга кўндиришни илтимос қилишди. Онаси 5 минг рубль эвазига бунга рози бўлди. Махновнинг ўлимидан сўнг у иккинчи марта эрга теккан, яна уч фарзандли бўлган, пул оилага жудаям зарур эди.

Эксгумацияда жуда кўплаб кишилар, шу жумладан, Махновнинг беваси ва болалари ҳам иштирок этишди. 1936 йилда минсклик профессор Д.М.Голуб чоп этган тўпламда акромегаликнинг скелети ҳақида ҳам мақола бор (акромегалия суяк тизими, юмшоқ аъзолар ва ички аъзолардаги гиперпластик ўзгаришлар билан тавсифланади). Бир сўз билан айтганда, улкан одамлар айнан улканликдан азият чекишади.

Иккинчи жаҳон уруши вақтида Махновнинг скелети ғойиб бўлди...

Ҳеч ким қолмаган

Бугун Ефросинья ва Фёдор Махновларнинг фарзандлари ҳаёт эмас. Улар оғир, машаққатли умр кечиришди. Қулоқлаштириш даврида Махновларни сургун қилмоқчи бўлишган, бироқ деҳқонлар бунга қарши чиқиб, уларни тинч қуйишни талаб қилишган.

Николай ва Гаврила офицер эди, улар қатағондан зўрға қутулишди. Родион шифокор бўлиб етишди, аммо уруш даврида гитлерчилар уни отиб ташлашди. Тўнғич қиз Мария бутун умр зоотехниклик қилди, кичик Маша эса ҳисобчи бўлган. Фарзандларнинг бари онаси каби қадди расо бўлиб, 180–190 сантиметрлик бўйга эга эдилар.

Тақдир Махнов авлодларини Беларус ва Россия узра сочиб юборган эди. Улар яшаган жойда эса бугун фақат қайин дарахти ўсади, эҳтимол уни Фёдор Махновнинг ўзи эккандир...

Акбар Фатҳуллаев.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.