Президент устозларга янги имтиёзлар берилишини маълум қилди

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги педагогларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича 8 та янги ташаббусни эълон қилди. Унга кўра, устозларга уй-жой, таълим ва кредит соҳасида турли имтиёзлар яратилади.

Энг аввало, келаси йилдан камида 15 йиллик стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Шу билан бирга, давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагогларнинг фарзандлари учун контракт тўловига 30 фоиз чегирма берилади.

Ўқитувчиларнинг янги технологиялардан фойдаланишини рағбатлантириш мақсадида уларга 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Педагоглар учун давлат хизматлари тўлови икки баробар камайтирилади.

Бошланғич таълим ўқитувчилари учун фан ўқитувчиларига ўхшаш миллий сертификат тизими жорий қилиниб, сертификат олганларга ҳар ой 15 фоиз устама тўланади. Шунингдек, бакалаврни имтиёзли диплом билан тугатиб мактабга ишга кирганларга автоматик 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади.

Бундан ташқари, дунёдаги ТОП-300 рўйхатдаги олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади. Рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғчалар, 20 талик техникум, ҳамда ТОП-10 олийгоҳ педагогларига эса йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поезд чипталарида 15–20 фоиз чегирма берилади.

Президент таъкидладики, халқимиз асрлар давомида муаллимликни эъзозлаб келган ва бу қадимий анъанани давом эттириш, Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда устозларнинг ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Давлат раҳбари устозларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ва оилавий бахт тилади. Тадбир давомида ўқитувчи ва талабалар, таълим муассасалари раҳбарлари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва фикрлари тингланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.