Ўзбекистонда туризм «портлади»: 8 йилда сайёҳлар сони 4 баробар, хизмат экспорти 10 баробар ўсди

Улашиш:

Сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон туризм соҳаси иқтисодиётнинг стратегик “локомотиви”га айланди. Хорижий сайёҳлар оқими қарийб 4 баробарга ошди, туристик хизматлар экспорти 10 баробардан зиёд ўсди, соҳада бандлик эса икки баравар кўпайди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айланди

2017 йилдан бошлаб виза режимининг либераллашуви, йирик инвестициялар ва инфратузилмани модернизация қилиш орқали мамлакат сайёҳлик оқимини жадал оширишга эришди. Туризм энди фақат дам олиш эмас, балки иқтисодий диверсификация, янги иш ўринлари ва мамлакат имижини тарғиб этишнинг асосий устунига айланди.

Шу даврда:

  • Туроператорлар сони 749 тадан 3 686 тагача ошди (5 баробар ўсиш)

  • Меҳмонхона ўринлари 37 мингдан 161 мингтагача кўпайди (4,4 баробар)

  • Туризмда банд аҳоли сони 187 мингдан 391 минг нафарга етди (2 баробар)

Визавий режимда инқилоб

2017–2024 йилларда 93 мамлакат фуқаролари учун виза бекор қилинди, 56 мамлакат фуқаролари учун электрон виза жорий этилди. Шу билан бирга 47 давлат фуқароларига транзит визасиз 5 кунлик туриш имкони берилди. 76 мамлакат учун визани расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди.

Халқаро майдонда Ўзбекистон бренди

Ўзбекистон брендини жаҳонга танитиш мақсадида Европа, Хитой, Шимолий Америка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда «Euronews», «Wanderlust», «World Media» каби йирик медиакорпорациялар орқали кенг реклама кампаниялари ўтказилди. 2023 йилда Самарқандда БМТ Жаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси ўтказилиши ҳам мамлакатнинг туризм харитасидаги ўрнини мустаҳкамлади.

Самарқанд шаҳрида ЮНВТО Тематик офисининг очилиши ва унга дипломатик мақом берилиши, ҳамда шаҳарга «Жаҳон маданий туризми пойтахти» мақоми берилиши эса тарихий воқелик бўлди.

Янги туристик объектлар ва йўналишлар

2017–2024 йилларда «Самарқанд туризм маркази», «Афсоналар водийси», «Арда Хива», «Тошкент сити», «Мираки туризм маркази» каби йирик объектлар ишга туширилди.
Мўйноқ ва Паркентда экстремал туризм хизматлари (парашют, аэродайвинг) ташкил этилди.

Шу билан бирга, 40 дан ортиқ мамлакат сайёҳлари учун янги йўналишлар яратилди, республикадаги умумий туристик маршрутлар сони 95 тага етди.

Туризмнинг иқтисодиётга ҳиссаси

  • Ички сайёҳлар сони 10,6 млн (2017) дан 22 млн (2024) нафаргача ошди

  • Хорижий сайёҳлар сони 2,7 млн (2017) дан 10,1 млн (2024) нафаргача ошди

  • Туризм хизматлари экспорти 2019 йилдаги 951 млн доллардан 2023 йилда 3,4 млрд долларга етди

  • 2017–2024 йилларда умумий туристик экспорт ҳажми 10,7 млрд долларни ташкил қилди

Ўзбекистонда туризм иккинчи даражали соҳа мақомидан чиқиб, миллий иқтисодиётнинг стратегик секторига айланди. Визавий либераллашув, инфратузилма модернизацияси ва халқаро маркетинг натижасида мамлакат сайёҳлик харитасида глобал ўйинчига айланиб бормоқда.

Бундан буён барқарор ўсиш учун турмахсулотлар ассортиментини кенгайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва глобал туризм занжирига чуқурроқ интеграция зарур. Экспертлар фикрича, туризм яқин келажакда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида асосий “локомотив”га айланиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.