Хуш келибсиз, ёки нима учун россиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган муҳаббати ва қизиқиши ортиб бормоқда

Улашиш:

Бу йил Ўзбекистон россиялик сайёҳлар учун энг оммабоп йўналишлардан бирига айланди. Май байрамлари арафасида мамлакатимиз шунчалик кўп россияликларни қабул қилдики, улар учун Ўзбекистон энг кўп талаб қилинадиган хорижий дам олиш йўналишларининг етакчи учталигига кирди. 

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2022 йил январ-сентябр ойларида россияликларнинг Ўзбекистонга сафарлари сони 2021 йилдагига нисбатан 2,1 баравар кўпайиб, 395,1 мингтани ташкил этган. Шу билан бирга, Россия туроператорлари ассоциацияси (РТОА) томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, 2022 йил охирида россияликларнинг Ўзбекистонга келиши сони 500 мингга этиши мумкин, бу деярли рекорд натижадир. Афсуски, Ўзбекистондан Россияга сафарлар сони ҳали ҳам жуда кам. Давлат статистика қўмитаси маълум қилишича, Россия Федерацияси ўзбекистонликлар учун ҳатто Туркия, БАА, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлардан кейин ҳам ташқи туризмнинг кучли ўнталигига кирмаган.

Россия саёҳатчиларини Ўзбекистон нимаси билан ўзига жалб қилади? Ўзбекистонлик сайёҳларнинг Россияга оқимини қандай кенгайтириш мумкин? Ушбу ва бошқа масалалар бўйича мухбиримизга халқаро эксперт, туризмни ривожлантириш бўйича маслаҳатчи, Samarkand Tourism Forum асосчиси ва Телеграмдаги ва YouTube даги "Туризмолог" каналлари муаллифи Михаил Шамшидов жавоб берди.

Мутахассиснинг фикрига кўра, Россиядан сайёҳлик оқимининг кескин ўсиш сабаби Ўзбекистоннинг ўзи эмас, балки бошқа бир қатор омиллар билан боғлиқ. Масалан, Россиядан Европага сайёҳлик оқими чекловлар туфайли сезиларли даражада камайган, бу эса сайёҳларни янги жойларни, шу жумладан Евроосиё маконидан қидиришга мажбур қилган.

Буни РТОА маълумотлари ҳам тасдиқлайди, унга кўра, кўплаб россиялик саёҳатчилар Европа Иттифоқига чиқиш билан боғлиқ муаммолар, шунингдек парвозлар мавжудлиги сабабли Ўзбекистонни танлашган. Буларнинг барчаси мамлакатимиз туризм сектори Россия бозорида қандай улкан жойни эгаллаши ва жиддий фойда келтириши мумкинлигини исботлайди.

Шамшидовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда икки мамлакат туризм соҳасида бир-бирига кўп нарсани таклиф қилиши мумкин. Жорий йилнинг март ойида Россия ва Ўзбекистон бош вазирлари ўринбосарлари Дмитрий Чернишенко ва Азиз Абдуҳакимов икки томонлама туристик оқимнинг ўсиши учун шароит яратишни назарда тутувчи 20 банддан иборат тадбирлар режасини имзоладилар.

Batafsil.uz.нинг туризм соҳасидаги манбалари хабар беришича, ушбу ҳужжат доирасида икки мамлакат ҳукуматлари Россия ва Ўзбекистон туризмининг қўшма йилини ўтказишни, шунингдек, “Буюк ипак йўли” саёҳатчилари учун трансчегаравий маршрутни ишлаб чиқишни ва ишга туширишни режалаштирмоқдалар. Бундан ташқари, фестивал, гастрономик, вино, экстремал, қишки ва бошқа туризм турлари бўйича махсус таклифлар яратиш, икки мамлакат талабалари учун махсус саёҳатлар ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг россиялик сайёҳларга ва аксинча, Россия Федерациясида ўзбекистонлик саёҳатчиларга нисбатан бошқа афзалликлари ҳақида унутмаслик лозим. Бунга чегарада чекловларнинг йўқлиги, шунингдек ягона тил майдони киради.

"Туризм, агар сиз катта ҳажмда қарасангиз, бу гуманитар ҳамкорликни ўз ичига олган соҳадир. Ўзаро тушуниш ўрнатилади, онгдан стереотиплар чиқиб кетади. 2017 йилда мамлакатларимиз ўртасида туризм бўйича икки томонлама битим имзоланди. Мақсад ҳамкорликни кенгайтириш, илм – фан, техника, иқтисодиёт, маданият ютуқлари билан таништириш, Ипак йўли каби сайёҳлик йўналишларини биргаликда тарғиб қилиш, туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва тажриба алмашиш эди",- деди Шамшидов.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатларимиз нафақат муносабатлар, балки чуқур тарихий илдизлар боғлаб турибди. 40 ёшдан ошган кўплаб Ўзбекистон фуқаролари ёшлигида Россия бўйлаб саёҳат қилишган. Бу болалар оромгоҳлари, хизмат сафарлари, йўлланма бўйича таътиллар эди. Ушбу даврда туризм чарҳланган ва стандартлаштирилган бўлган.

"Биз, Ўзбекистон аҳолиси учун Россияга саёҳат Малдив ороллари ёки Туркияга ташриф буюриш эмас. Бу ерда бироз бошқача. Туризм кекса авлод вакиллари учун қисман носталгиядир. Кўплаб ўзбекистонликларнинг Россияда қариндошлари, дўстлари, эсга қолар жойлари, ишлари бор. Йўналишнинг ўзи ҳам, аслида дам олиш учун эмас, балки янги нарсаларни ўрганиш учун мўлжалланган",-дея таъкидлади у.

Ўзбекистонни Россиянинг тажрибаси қизиқтириши мумкин, у ерда бир неча йиллар давомида Сочи шаҳри халқаро даражадаги обод курортга айланган. Умуман олганда, Россия Федерацияси бугунги кунда ички туризмни рағбатлантириш учун технологик дастурларни амалга оширишда катта тажрибага эга. Ушбу механизмлар бугунги кунда туристик кэшбек оммалашаётган мамлакатимизда аниқ талабга эга бўлади. Шунингдек, ўзбекистонликларни Краснодар ўлкаси ва Қрим курортлари қизиқтириши мумкин.

"Қизиқарли таклифлар туфайли ўзбекистонликларнинг Анапа, Геленджик, Сочи, Қримнинг Жанубий қирғоғига саёҳат оқимини сезиларли даражада ошириш мумкин. Ўрта Осиё мамлакатлари учун денгиз ҳар доим ўзига жалб қилади. Айни пайтда ватандошларимиз учун сайёҳлар сифатида энг машҳур йўналишлар рўйхати анъанавий ҳисобланади. Биринчи бешликда Москва ва Москва вилояти, Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти, Қрим Минводи турибди. "Роза Хутор" тоғ курорти Ўзбекистон турбизнесига 2022 йил ёз мавсумида Сочи тоғлари ва денгиз соҳилларида ёзги таътил дастурларини тақдим этди, ўзбекистонликлар учун қулай пакетли саёҳатлар ишлаб чиқилди. Uzbekistan Airways авиакомпанияси Тошкентдан Сочига тўғридан – тўғри рейсни очди, бу пакет нархини пасайтирди", - деди Шамшидов.

Шунингдек, мутахассиснинг айтишича, мамлакатлар ҳозирда сайёҳлик йўлида ҳамкорликни фаол равишда ривожлантиришмоқда. Декабр ойида "Ипак йўлидаги туризм" Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида кўплаб россиялик ҳамкорлар иштирок этишган. Масалан, "Шаҳар туризм ва ахборот бюроси" Санкт-Петербург давлат бюджет муассасаси бош директори Юрий Богданов у билан суҳбатда Санкт-Петербург Ўзбекистондан сайёҳларни кутаётганини таъкидлаган. Шимолий пойтахт ўзбекистонликлар учун машҳур жойлардан бирига айланишга тайёр, чунки бу шаҳарга саёҳат фақат кўнгилочар дастурлар билан чекланиб қолмайди. Чет элда таълим олишни режалаштирган абитуриентлар учун кўплаб ахборот турлари мавжуд, тиббий ва бизнес туризм авж олмоқда.  

Шамшидовнинг сўзларига кўра, одамлар фақат ҳордиқ чиқарибгина қолмай, балки ўз вақтларини мазмунли ўтказадиган бундай дам олиш турларига талаб ҳар йили Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ўсиб боради.

Бу шуни англатадики, ушбу йўналишлардан яхши фойда олиш мумкин. Айниқса, мамлакатга тўла ҳамёнлар билан келаётган россияликлар ҳақида гап кетмоқда. Туризм ва маданий мерос маълумотларига кўра, ташриф буюрган чет элликлар орасида россиялик сайёҳлар энг сахийларидан бири ҳисобланади. Масалан, бу йил Россия Федерациясидан келган саёҳатчининг ўртача чеклари 638 долларни, Қозоғистондан эса атиги 158 долларни ташкил этди.

Икки томонлама саёҳат оқимининг ўсишида таълим алоқалари алоҳида роль ўйнаши мумкин. Ўзбекистонда ҳар йили рус тилида мутахассислар тайёрлайдиган ва ўқитадиган Россия Федерациясининг ОТМлари сони ортиб бормоқда, шунингдек, Россияга ўқишга борадиган ўзбекистонликлар сони доимий равишда кўпаймоқда.

"2023/24 ўқув йили учун Ўзбекистон фуқароларини Россия ОТМларининг бюджет жойларига қабул қилиш квотаси 420 дан 651тагача оширилди. Россиядаги талабалар сони бўйича Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Россия Федерациясида мамлакатимизнинг 46 мингдан ортиқ фуқароси таҳсил олади. Ушбу маълумотларнинг барчаси шуни кўрсатадики, ҳаракатлар мунтазам, доимий ва жонли равишда содир бўлмоқда. Ота-оналар, болалар, талабалар, ишлар ва саёҳатлар узлуксиз фаолликда ҳаракатланмоқда. Буларнинг барчаси бир – бирига чамбарчас боғланган",- деди мутахассис.

Шамшидовнинг сўзларига кўра, 2021 йилда у "Ўзингиз учун Россияни кашф этинг" Бутунроссия концептуал сайёҳлик йўналишлари танловида эксперт сифатида иштирок этган, бу ерда жуда кўп сайёҳлик таклифлари билдирилган. Булларга Байкал ва Камчатка, Поморье ва Хакассия, Ленинград вилояти, Карелия ва Доғистон, Олтой бўйлаб саёҳатлар киради.

Бундай тажрибани Ўзбекистонда ҳам қўллаш мумкин, мухбиримиз сухбатлашган мутахассисларнинг сўзларига кўра бу ерда агро ва вино туризмини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Яъни, велосипед ихтиро қилиш шарт эмас, балки қўшниларнинг тажрибасини ўзлаштириш керак холос. Масалан, Россияда фақат сўнгги беш йил ичида вино йўналишларининг 300-400 га яқин вариантлари яратилган. Ҳар йили 500 мингдан ортиқ саёҳатчилар "Абрау - Дюрсо" вино сайёҳлик оргомгоҳига ташриф буюришади. Сайёҳлик инфратузилмаси, вино ва эсдалик совғалари савдоси, ресторан ва кафелар Россия Федерацияси минтақаларида ўрта ва кичик фермер хўжаликларини ривожлантиришга имкон беради, бу эса вино саноати фаол ривожланаётган Ўзбекистон учун ҳам ҳам долзарб бўлиши мумкин.

Умуман олганда, мутахассислар 3-5 йил ичида мамлакатлар ўртасида сайёҳлик оқими йилига икки миллионта ташриф даражасига етиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Бунинг сабаби шундаки, мамлакатимиз ҳозирги вақтда бутун собиқ совет ҳудудида энг ривожланган авиайўналиш ҳисобланади: Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳафтасига икки томонлама рейслар сони юзга етади ва бу кўрсаткич доимий равишда ўсиб бормоқда. Бундан ташқари, заминимиз ва халқимиз минг йиллик тарихга эга бўлиб, тарихнинг мураккаб саҳифаларидан ўтиб, сайёҳлар жуда яхши кўрадиган меҳрибонлик, қалб сахийлиги ва меҳмондўстлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Шамшидовнинг таъкидлашича, мамлакатлар ўртасидаги сайёҳлик оқимини кўпайтириш учун янги нарса ихтиро қилишнинг ҳожати йўқ, балки кириш туризмида катта ютуқларга эришган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш керак.

"Бу пакетли саёҳатлар ва чартерлар, мамлакатларнинг бир-бири билан доимий ишлаши ва алоқалари, шартномалар, соддалаштириш ва нархларни пасайтиришдан иборат. Ва, албатта, шериклик учун ахборот майдонини яратиш лозим. Бунга 2023 йилни Ўзбекистон, Россия Федерацияси ва Марказий Осиё мамлакатларидан келган маърузачилар ва мутахассислар иштирокида соҳани ривожлантириш бўйича бир қатор тадбирлар билан бошлаб берган Самарқанд туризм форуми мисол бўла олади", - деди у.

Шунингдек, мутахассиснинг айтишича, агар объектив қаралса, Россия Федерацияси чиқиш туризми мамлакати ҳисобланади ва Ўзбекистон бундан фойдаланиши керак.

"Аслида, бизнинг мамлакатларимизда ички туризмда жуда ўхшаш муаммолар ва қийинчиликлар мавжуд. Биз машҳур йўналишлар – Туркия ва Миср билан рақобатлашишда қийналамиз. Биз кўплаб жиҳатларга кўра ҳамоҳангмиз. Масалан, кўнгилочар хизматлар кам ёки умуман йўқ, хизмат кўрсатиш даражаси паст, оширилган чеклар, қиммат рейсларни қайд эьтиш жози. Шунинг учун тажриба алмашиш жуда муҳим, бундай алоқалар ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Ўзбекистон ва Россия туризмни ривожлантиришга кўп нарса қўшиши мумкин", – дея хулоса қилди Михаил Шамшидов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.