17 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги "Olmazor City" турар жой мажмуасида фожиали ҳолат юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу маълумотлар жамоатчиликда катта шов-шувга сабаб бўлди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов расман маълум қилишича, воқеа Олмазор тумани Мискин маҳалласида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, аёл саккизинчи қават деразасидан икки фарзандини пастга отган, шундан сўнг ўзи ҳам сакраган.
Аёл олган оғир тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган. Икки бола эса омон қолган ва улар шошилинч тарзда шифохонага ётқизилган. Болаларнинг аҳволи шифокорлар томонидан назорат остида сақланмоқда.
Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан текширув бошлаган. Терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани, воқеанинг сабаб ва шарт-шароитлари тўлиқ ўрганилаётгани маълум қилинди.
Расмий идоралар аниқлаш ишлари якунлангунига қадар воқеа ҳақида турли тахминлар ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирмоқда.