«Етти қават» – инсондаги ишонч қаватларини белгиловчи ҳикоя

Улашиш:

Ишонч шу қадар катта кучга эгаки, ўлаётган одамни тирилтириши, соппа-соғ инсонни фалаж қилиши, ҳатто ўлдириши мумкин. Ишонч бизни бу дунёда суяб турган устунлардан бири. Озуқа одам учун қанчалар даркор бўлса, ишонч ва умид ҳам шунчалар зарур. Бу нарсалар руҳимиз озуқаси ҳисобланади. Дино Буццатининг «Етти қават» ҳикоясида ишонч неларга қодир экани ёритиб берилган.

Сюжет:

Жузеппе Корте исмли одам арзимас истима билан 7 қаватли машҳур клиниканинг 7-қаватига жойлашади. Унинг билишича, клиникада мижозларни касаллигининг оғир-енгиллигига қараб қаватларга тақсимлашар экан.

Энг юқори, еттинчи қават дарди ҳаммадан ҳам енгиллар учун мўлжалланган. Олтинчи қаватга дарди унчалик оғир бўлмаса-да, ҳарҳолда унча-мунча хавотирли томони борлар ётқизилади. Бешинчи қаватда аҳволи, руҳияти анча оғир бўлганлар даволанарди, шу тариқа — қаватма-қават тушилаверади. Иккинчи қаватда касали жуда оғир шўрликлар ётарди. Биринчи қаватда дунёдан илинжи батамом узилганлар, тузалишидан умид йўқлар…

Хуллас, Корте касалхонада даволана бошлайди. Тез орада Кортени бир нарсаларни баҳона қилиб 6-қаватга туширишади. Кейин 5, кейин 4, 3, 2 ва ниҳоят 1-қаватга. Корте ҳар бир поғонадан пастга тушишда ўзининг чинданам хаста эканига ишона бошлайди. 1-қаватга тушганда у деярли фалаж ҳолатда эди…

Таҳлил:

Кўплаб ҳикоялар каби Дино Буцаттининг «Етти қават» ҳикоясини ҳам ижтимоий-сиёсий ва маиший-психологик таҳлил қилиш мумкин. Зеро, ҳақиқий асар турли талқинларга имкон беради.

7 қават бино – қулаётган жамият, ундаги тартиб-қоидалар – жамият қонуниятлари, қаҳрамон эса ўша жамиятнинг асосли-асоссиз қоидаларига бўйсунувчи қурбон рамзи. Касалхона – тараққиётга эмас, таназзулга олиб борувчи тузум, у ердаги тартиб-қоидалар расмиятчилик, маъмурий буйруқбозлик тизими. Асар замирида кераксиз қоидаларга бой жамият инсонларнинг ўз ихтиёридан, шахсий танловларидан, хоҳиш-истакларидан айиради ва муқаррар ҳалокатга олиб боради деган маъно ётади.

Қаҳрамонимиз еттинчи қаватдан биринчи қаватга сайин тушиб бориши бежиз эмас. Биринчи қават таназзул бўлса, арзимас сабаблар, тасодифлар, кимларнингдир лозим топиши, кимларнингдир алдовлари, қарорлари орқали бош қаҳрамон ҳам ўша таназзулга қараб шўнғиб боряпти. Қаршилик кўрсатмаяптимас, кўрсатяпти, аммо бу қаршилик қанча кучайса, жамият уни шунча кучсизлантириб боряпти.

Ҳикояда мантиқий изчиллик кучли. Қаҳрамоннинг еттинчи қаватдан биринчи қаватгача тушиб келиши касалхонадаги тартиб-қоидаларнинг натижаси эканлиги ишонарли тарзда кўрсатиб берилган. Шундай моҳирлик билан кўрсатилганки, китобхон «мен Кортенинг ўрнида бўлганимда ундай қилардим, бундай қилардим, тушишга кўнмасдим ёки оғир касаллар ичига кирганим сари руҳиятимни чўктирмасдим» деб айтолмайди. Чунки бу психология. Психология эса кўп ҳолларда тартиб-қоидаларга бўйсунавермайди.

Сиз ишонадиган яхши мутахассис дори шаклидаги оддий конфетни бериб «бу жуда фойдали, уни ичсанг тузалиб кетасан» деса, сиз бунга ишонасиз ва автоматик тарзда ўзингизни яхши ҳис қила бошлайсиз. Қаҳрамонимиз Корте ҳам ўзининг соғломлигини билса-да, келган кунидан бери қўрқадигани биринчи қаватга яқинлашгани сари ундаги ишонч сўниб боради. Руҳияти чўкади. Жисмнинг соғломлиги руҳиятга чамбарчас боғлиқлиги шу жойда кўрсатилган.

Яна бир талқинимиз бор: у юқоридагидан сал бошқачароқ: Бинони умр, ҳаёт ёки тақдир деб оладиган бўлсак, қаҳрамон ўзимиз, яъни инсонлар. Кўпинча тақдир қонуниятлари, сабабиятлари олдида ожиз қоламиз. Бутун умримиз шу сабабиятлар билан ўтиб боради ва биз тобора 1-қаватга, яъни муқаррар ўлимга сари бораверамиз. Қанчалик юқорига интилмайлик, қанча кўп яшашга уринмайлик, тақдирга ёзилганча умр – 7 қаватнинг сўнгига, 1-қаватига барибир боришимиз муқаррар. Корте сингари хоҳ қаршилик кўрсатайлик, хоҳ исён қилайлик нима бўлмасин бизни ўша 1-қаватга етказиб боришлари тайин.

Китобхонда нега айнан 7 та қават деган савол туғилиши табиий. Фикримизча, етти бу дунё ва у дунё учун рамзий сон. Ҳафтада етти кун, етти қават осмон деган гаплар бор. Дўзахнинг етти қавати, даражаси бор ва ҳоказо. Шунингдек, ёзувчининг шу сон билан бошланган бошқа асарлари бор. Масалан, «Етти чопар» (Семь гонцов).

Маълумот ўрнида: «Етти қават» ҳикоясига ёзувчимиз Хуршид Дўстмуҳаммад «Жимжитхонага йўл» номли назира боғлаган. Бу икки ҳикоянинг тузилиши ва моҳиятида бир қанча фарқ бор. Масалан, «Жимжитхонага йўл» ҳикояси пастдан тепага тарзида боради. Яъни бу ҳикояда қаҳрамон 1-қаватдан 7-қаватга сари кўтарилади. Ёзувчи қаҳрамоннинг ўз хоҳишига кўра чиқиб боришига урғу беради. Корте эса қаршилик кўрсатади. Бу ерда Х. Дўстмуҳаммад халқимизнинг тез таслим бўлишга мойиллик характерини очиб бермоқчи бўлган.

Яна бир фарқи Корте пастга тушгани сари ўлимдан қўрқиб ортига қайтишни ўйласа, «Жимжитхонага йўл» ҳикояси қаҳрамони Зоҳид эса юқорилаб, ўлимга яқинлашгани сари суюнади. Шу жойда турли хил эътиқод вакилларининг фарқи кўринади. Бири учун ўлим маҳв этилиш, тамом бўлишни кўрса, ундан қўрқса, бошқаси айнан шу ўлимда абадий ҳаётни, азоблардан нажот топишни, мурод-мақсадни кўради.

Хулоса қилиб айтганда жаноб Кортени жамият қурбони ёки тақдирининг 7 қаватини яшаб, сўнгги бекатига етиб келган йўловчи дейишимиз мумкин.

Гуласал Қодирова

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.