Соч тўкилишига сабаб бўлувчи икки асосий омил аниқланди: шакарли ичимлик ва алкоголь хавфи ошкор бўлди

Улашиш:

Соч тўкилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган икки зарарли омил — шакарли газланган ичимликлар ва алкоголли маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш экани аниқланди. Бу ҳақда Nutrition and Health журналида чоп этилган тизимли таҳлилда маълум қилинган.

Таҳлил 17 та илмий изланишни ўз ичига олиб, АҚШ, Европа ва Осиёдан жами 61 332 нафар иштирокчи (уларнинг 97 фоизи аёллар) маълумотлари таҳлил қилинди. Олимлар шакарли ва спиртли ичимликларни тез-тез истеъмол қилувчиларда соч тўкилиши ва ҳатто эрта оқариш ҳолатлари кўп учрашини қайд этди.

Шу билан бирга, D витамини ва темир моддасининг етарли даражада қабул қилиниши сочнинг қалинлиги ва ўсиш суръати билан боғлиқ экани аниқланган. Айниқса, ферритин (темир захиралари) паст бўлган шахсларда соч сифатининг ёмонлашиши кузатилган.

Тадқиқотда айрим соя маҳсулотлари, брокколи, карам каби сабзавотлар ва индивидуал комплекс қўшимчаларнинг ҳам соч тўкилишига қарши профилактик аҳамиятга эгалиги тилга олинган. Бироқ олимлар бу тавсияларни яхлит далил сифатида қабул қилишга шошилмасликни, ҳозирча улар фақат кузатув маълумотлари асосида шаклланганини таъкидлади.

Фактчекинг нуқтаи назаридан, таҳлил муаллифлари соч тўкилиши шикояти бўлганда аввало D витамини ва ферритин даражасини текшириш, етишмовчилик аниқланса, шифокор тавсияси билан бартараф этишни тавсия этади. Шакарли ва спиртли ичимликларни эса эҳтиёткорлик билан, меъёрда истеъмол қилиш мумкин, аммо уларни асосий сабаб деб ҳисоблаш нотўғри — асосий омиллар генетика ва умумий соғлиқ ҳолати билан боғлиқ бўлиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.