Ўзбекистонда фуқаролардан 30 турдаги ҳужжат талаб этиш бекор қилинади – давлат хизматлари янада соддалашади

Улашиш:

Ўзбекистонда давлат хизматларини соддалаштириш ва рақамлаштириш жараёнида катта қадам ташланмоқда: эндиликда фуқаролардан 30 турдаги ҳужжатларни талаб этиш бекор қилинади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев адлия тизимида хизматлар самарадорлигини оширишга қаратилган тақдимот чоғида маълум қилди.

Энг муҳим янгилик шундаки, аҳоли кўпинча вақт ва ортиқча сарсонгарчиликка сабаб бўлиб келаётган талаблар бекор қилиниб, зарур маълумотлар давлат органлари ахборот тизимлари орқали тўғридан-тўғри олинади. Масалан, никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрик натижалари ёки ҳарбий хизматга мажбур шахсларнинг турар жойи ўзгаргани ҳақида ҳужжат энди талаб қилинмайди.

Янги тизим орқали давлат хизматлари сони 900 тагача етказилиши, ҳар йили 80 та хизмат “3 қадам” асосида соддалаштирилиши режалаштирилган. Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида мамлакат бўйлаб 1 минг 100 та интерактив киоск ўрнатилади.

Нотариал соҳада ҳам рақамлаштириш кучайтирилади: ҳозирча хизматларнинг атиги 11 фоизи онлайн кўрсатилаётган бўлса, 2025–2027 йилларда 20 турдаги нотариал ҳаракат босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. Шахсни тасдиқлашда энди паспортнинг асли эмас, балки “FACE-ID” орқали аниқлаш йўлга қўйилади.

Экспертиза тизимида ҳам замонавий йўналишлар жорий этилади. Жумладан, автоҳалокат жойини 3D моделлаштириш, фото ва видеотехника экспертизаси каби хизматлар пайдо бўлади. Шунингдек, нодавлат суд экспертлари институти ҳам ривожлантирилади.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун “Ақлли тарғибот” дастури ишга туширилади, қонунлар ва янгиликлар ҳақидаги маълумотлар манзилли тарзда етказилади. “Adliya TV” интернет саҳифаси орқали қонунчиликни оддий тилда шарҳлаб бориш ҳам режалаштирилган.

Шу билан бирга, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш жараёни ҳам енгиллашади. Бу ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш муддати икки баробарга қисқаради.

Умуман, қабул қилинган чора-тадбирлар фуқаролар учун давлат хизматларини тез, шаффоф ва қулай қилишга қаратилган бўлиб, бюрократик тўсиқларни камайтиради ҳамда аҳолига яқин хизмат кўрсатишни таъминлайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.