Наманганда “Президент тумани” ва “Президент маҳалласи” мақоми жорий этилади: янги тараққиёт босқичи бошланди

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Наманган вилоятининг Уйчи туманида ўтказган йиғилишда айрим ҳудудларга “Президент тумани” ва “Президент маҳалласи” мақомини бериш ташаббусини илгари сурди. Бу мақомга эришган ҳудудларга қўшимча имкониятлар тақдим қилиниши белгиланди.

Йиғилишда қайд этилишича, “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида Фарғона, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан 4 тадан, қолган вилоятлардан 2 тадан туман ҳамда мамлакат бўйича энг оғир аҳволдаги 328 та маҳалла танлаб олинади. Энг яхши натижа кўрсатганлари “Президент тумани” ва “Президент маҳалласи” мақомига сазовор бўлади.

Сўнгги саккиз йилда Наманган вилоятига 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган, 8 мингга яқин янги корхона ишга туширилган ва экспорт маҳсулотлари тури икки бараварга кўпайган. Ҳозирда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали рўзғор тебратаётгани қайд этилди.

Аҳолининг ўртача ойлик даромади 15,5 миллион сўмга етган, камбағаллик даражаси эса 2,5 баробар пасайган. Бу ўзгаришлар натижасида охирги икки йилда меҳнат миграциясида бўлган 62 минг киши вилоятга қайтган.

Йиғилишда шу йил охиригача 4,2 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг аҳолини иш билан таъминлаш ва 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифалари белгилаб берилди.

Шунингдек, вилоятдаги табиий гўзал ҳудудларни ривожлантириш учун мастер-режа ишлаб чиқиш ва дарё-сой бўйларида 650 та сервис объекти барпо этиб, 10 минг янги иш ўрни яратиш топширилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.