Президент Бўстонлиқдаги улкан туризм курортини кўздан кечирди

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган «Чимён» халқаро умуммавсумий курорти имкониятлари билан танишди. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида минглаб иш ўринлари яратилиб, мамлакатга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони сезиларли ошиши кутилмоқда.

«Чимён» курорти Франциянинг “MND” компанияси билан ҳамкорликда 1 минг 278 гектар майдонда қурилаётган бўлиб, денгиз сатҳидан 3 минг 300 метр баландликкача осма дор йўли барпо этилади. Бу ерда қишда чанғи ва сноуборд, ёзда тоғ сайёҳлиги ҳамда кўнгилочар ҳордиқ хизматлари таклиф этилади.

Президент меҳмонхона, ресторан ва савдо мажмуаларини кўздан кечирди. 6 қаватли замонавий меҳмонхона 320 нафар сайёҳни қабул қилиш имконига эга бўлиб, йилига ўртача 45 минг туристга хизмат кўрсатиши режалаштирилган. У “Wyndham” бренди билан бошқарилади, бу мамлакатимиз туризмининг халқаро имижини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, 7 ва 5 қаватли апарт-отеллар, 7 қаватли меҳмонхона ва 2 қаватли ресторан қурилган. Уларда йилига 54 мингдан зиёд меҳмонни қабул қилиш мўлжалланган. Мажмуада 100 дан ортиқ киши ишли бўлади. Ҳозирда яна 6 та шале қурилаётгани маълум қилинди.

Туристлар учун қулайлик яратиш мақсадида 300 та автомобилга мўлжалланган тураргоҳ ҳам қурилди. Унинг биринчи қаватида ресторан, болалар майдончаси ва савдо мажмуаси жойлашган.

Курортга олиб борувчи асосий йўлда узунлиги 1 450 метр бўлган туннел, 2 та кўприк ва пиёдалар йўлаклари барпо этилди. Туннел соатига 500 дан зиёд автомашинанинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайди. Бу транспорт оқимини енгиллаштириб, туристлар саёҳатини тезлаштиради.

Давлат раҳбари хизмат кўрсатишда илғор тажрибаларни жорий этиш, ходимлар малакасини ошириш ва ҳудуд имкониятларини туризм платформаларида кенг тарғиб қилиш юзасидан кўрсатмалар берди. Шу билан бирга, табиат мусаффолигини асраш ва экологик маданиятни ошириш зарурлиги таъкидланди.

Бўстонлиқда туризмнинг ривожланиши савдо, хизмат кўрсатиш ва транспорт соҳаларига ҳам туртки бўлмоқда. «Чимён» курортининг ишга тушиши ҳудуд иқтисодий қиёфасини тубдан ўзгартириши, Бўстонлиқни минтақа туризмининг марказларидан бирига айлантириши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.