34 та ҳарф. Туркий дунё мамлакатлари ягона алифбони келишиб олишган

Улашиш:

Туркий дунё мамлакатлари вакиллари Бокуда бўлиб ўтган учрашувда 34 та ҳарфдан иборат лотин алифбосига асосланган ягона алифбони келишиб олишган.

9-11 сентябр кунлари Озарбайжон пойтахтида туркий давлатлар Ташкилоти томонидан ташкил этилган туркий дунёнинг ягона алифбоси бўйича комиссиянинг учинчи мажлиси бўлиб ўтган.

Халқаро туркий академияси ва Туркий тил институти пресс-релизида таъкидланганидек, учрашувнинг асосий мақсади - туркий тиллар учун ягона алифбо лойиҳаси устида ишлашни якунлаш, бу соҳада тўпланган билим ва комиссиянинг икки йиллик тажрибасидан фойдаланиш бўлган.

Йиғилишда 1991 йилда олимлар томонидан таклиф этилган лотин алифбосига асосланган туркий дунё умумий алифбоси лойиҳаси ҳар томонлама кўриб чиқилган. Комиссия аъзолари кенг муҳокамалар ўтказган ва ушбу лойиҳада эътиборга олиш керак бўлган жиҳатларни аниқлашган.

Иш якунлари бўйича 34 та ҳарфдан иборат туркий дунёнинг умумий алифбоси бўйича келишувга эришилган. Алифбонинг ҳар бир ҳарфи туркий тилларда мавжуд бўлган турли фонемаларни акс эттиришига алоҳида эътибор қаратилган.

"Учрашувни муваффақиятли якунлаш тарихий аҳамиятга эга. Туркий дунёнинг умумий алифбосини яратиш туркий халқлар ўртасида ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, шунингдек, уларнинг тилларини сақлаб қолишга ёрдам беради",- дейилмоқда қўшма баёнотда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.