«Open budget»: дедлайн тугамоқда, барча ғолиб лойиҳалар амалга ошадими?

Улашиш:

Ўзбекистонликларнинг севимли лойиҳаси «Open budget»нинг 2023 йил учун иккинчи мавсумига старт берилди. Аммо ҳали биринчи мавсумда ғолиб бўлган лойиҳаларнинг барчаси амалга оширилгани йўқ. Уларни бажариш учун белгиланган муддат эса тугаб бормоқда.

2023 йилги биринчи мавсум учун рекорд миқдорда – 16 миллион ўзбекистонлик овоз берган ва 1666 та лойиҳа ғолиб деб топилганди. Ғолиб лойиҳалар ижросига 1,6 триллион сўм ажратилди. Кейинчалик 2 мингтадан ортиқ овоз олиб ғолиб бўлолмаган яна 1,3 мингта лойиҳани молиялаштириш учун қўшимча 1,3 триллион сўм ажратилиши белгиланди. Бундан ташқари, танловда 1,5 мингта овоз олиб ғолиб бўлолмаган лойиҳалар 2024 йилги бюджет дастурига киритилиши белгиланди.

Лойиҳа бир қарашда мукаммал қилиб тузилган, аммо жойларда унинг ижросида сусткашлик кузатилаётган кўринади. Бу борада Kun.uz'га ҳам мурожаатлар келиб тушмоқда.


«Ғолиб бўлиш учун пул сарфлагандик»

Лойиҳа ўзбекистонликлар орасида шу қадар оммалашдики, 2023 йилдаги биринчи мавсумда овоз берганлар сони лойиҳанинг 2021 йилида овоз берганлардан 13 баравар кўп бўлди. Рақобат катталигидан одамлар ўз лойиҳаси ғолиб бўлиши учун турли йўлларни излашга мажбур бўлди.

Масалан, молиявий манфаатдорлик эвазига овоз йиғишга. Кимдир кўчаларда салқин ичимлик эвазига, кимдир 10-15 минг сўм пул эвазига овоз йиғди. Бу учун эса озми-кўпми ўша ҳудуддаги одамлар пул йиғишга мажбур бўлган. Табиийки бу тарзда овоз йиғиш ҳеч қандай қонунга зид эмас, қайтага интригани, бу орқали эса лойиҳага қизиқишни оширувчи ҳаракат. Kun.uz'га мурожаат қилган сирдарёлик ўқувчи ўз маҳалласидаги лойиҳа худди шу тарзда ғолиб бўлганини айтади. Ховос тумани Шарқобод маҳалласидаги кўпчилик фойдаланадиган нобоп кўча «Менинг йўлим» лойиҳасида ғолиб бўлганига икки ойдан ошган, аммо ҳамон қандайдир ҳаракатдан дарак йўқ.

Тумандаги масъуллар кейинги ҳафта, яна кейинги ҳафта дейишдан нарига ўтмаган. Маҳалладагилар эса лойиҳа ғолиб бўлиши учун пул йиғган одамларнинг эшигини тақиллатиб келишни бошлаган. Икки ўртада қолган ва туман масъулларининг қуруқ ваъдаларини эшитиб юрган фаоллар ноқулай аҳволга тушиб қолган. Ва бундай ҳолат биргина Сирдарёдаги маҳаллада бўлаётгани йўқ.

Kun.uz мухбири Самарқанд вилоятининг қатор ҳудудларида ҳам ғолиб бўлган лойиҳалар ижроси ҳали бошланмаганини аниқлади. Аслида бу борадаги ҳар қандай саволларга жавоб топилиши керак бўлган openbudget.uz сайтида эса фақат тушунарсиз протоколларни топишингиз мумкин. Сайтда мурожаат учун ёзилган телефонлар ишламайди. Истасангиз телефон қилиб кўринг. Сайтда туманлар бўйича масъулларнинг ҳам исми ва рақамлари ёзилган. Уларнинг аксари ишламайди. Ишлаган телефонларга ҳам ёки ҳеч ким жавоб бермайди ёки жавоб берган одам умуман бошқа ходим бўлиб чиқади.

Сайтда айни дамгача нечта лойиҳа амалга оширилгани, қанчаси жараёнда экани ҳақида умумий маълумот тополмайсиз.

Асфалт муаммо бўляптими?

Ижроси кечикаётган деярли барча лойиҳа йўл билан боғлиқ экани бу борадаги муаммо ҳам айнан йўлга кетадиган қурилиш материали билан боғлиқ деган хулосага олиб келади. Kun.uz мухбирининг аниқлашича, йўл бўйича лойиҳалар кечикишига асфалт етишмовчилиги сабаб бўлаётгани эҳтимоли юқори. Чунки «Ташаббусли бюджет» доирасида ғолибларнинг аксар қисми йўл бўйича лойиҳалар экани асфалтга талабни кескин оширган.

Муддат қачонгача?

2023 йил 10 апрел куни имзоланган президент қарорига кўра жиҳозлаш бўйича лойиҳалар июл ойида тугатилиши керак. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳалар ижроси учун охирги муддат эса 2023 йил август ойи этиб белгиланган. Демак, дедлайн тугашига бир ой вақт қолди. Белгиланган муддатгача барча лойиҳалар амалга ошириладими?

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.