«Менинг йўлим» лойиҳаси ғолиблари эълон қилинди

Улашиш:

«Менинг йўлим» лойиҳасининг 2023 йилги мавсумига овоз бериш якунланди. Жами 517 та лойиҳа ғолиб деб топилди, энди уларга 412 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Жойларда фуқаролар байрам қилишни бошлаб юборди.

7 май куни соат 18:00 да «Очиқ бюджет» ахборот порталида эълон қилинган «Менинг йўлим» лойиҳасининг 2023 йилги мавсумига овоз бериш жараёни якунланди, дея хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Лойиҳа туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50 фоиз қисмини фуқаролар фикри асосида йўналтирилишни таъминлаш мақсадида ташкил этилганди. Ушбу мавсум учун республика бўйича 10 317 та ташаббусли таклиф келиб тушган.

27 апрелдан 7 май кунига қадар давом этган овоз бериш жараёни натижаларига кўра, 517 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Овоз бериш жараёнида республика бўйича 8 миллион 93 минг 918 нафар фуқаро иштирок этди.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, ушбу жараёнларда энг кўп ғолиб лойиҳалар қуйидаги ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади:

  • Тошкент вилояти (55 та);
  • Қорақалпоғистон Республикаси (54 та);
  • Самарқанд вилояти (40 та);
  • Андижон вилояти (40 та).

Вазирликнинг қайд этишича, ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш учун республика бўйича 412 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Ижтимоий тармоқларда таклифлари ғолиб деб топилган фуқароларнинг байрам қилаётгани акс этган видеоларни кўриш мумкин. Улар кўчаларда тўпланиб, карнай-сурнай ҳамда баланд мусиқа садосига рақсга тушмоқда.


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.