Зоминда қурилган дор йўли фойдаланишга топширилди (фото)

Улашиш:

Чет эл мутахассислари кўмагида қурилган дор йўли бугун фойдаланишга топширилди. Ушбу тарихий воқеа муносабати билан кенг жамоатчилик Зомин дам олиш масканига тўпланди.

2640 метр масофадаги янги дор йўлининг дастлабки йўловчилари учун биринчи кунда бепул хизмат кўрсатилди. Нархлар билан мақола сўнгида таништириб ўтамиз.

Фахрийлар иштирокида рамзий лента қирқилгач барча замонавий кабиналар орқали юқорига кўтарилиб, “канатка”нинг имкониятлари ва дор йўли ўтган ҳудуднинг табиатини юқоридан томоша қилиш имконига эга бўлди.

Бир сўз билан айтганда, ушбу дор йўли Зомин ҳудудига келган ҳар бир дам олувчига ҳудудни юқоридан туриб бор гўзаллигини кузатишига имкон беради.

Бунга қадар денгиз сатҳидан 2400 метр баландликда жойлашган Суффа платоси ва “Шербулоқ” манзараларини кўриш учун фақатгина автомобиль йўли орқали юқорига кўтарилиш мумкин эди.

Замонавий дор йўли эса ушбу босиб ўтиладиган масофани бир неча баробарга қисқартирди.

Замонавий дор йўли ва 4 қаватли автотураргоҳ “Ўзмиллийбанк”АЖ буюртмасига асосан “Gold step” МЧЖ томонидан қурилди. Объектдаги қурилиш-монтаж ишлари учун 133,3 млрд.сўм маблағ ажратилди. Швейцариянинг “Bartolet AG” компанияси томонидан 6,72 млн. eвро қийматидаги дор йўли ускуналари етказиб берилди.

Тантанали очилиш маросимида сўз олганлар мазкур катта кўламдаги ишни амалга оширган мутасаддиларга миннатдорчилик билдириб, ҳудуднинг туризм салоҳиятини кўтариш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлар тўғрисида сўзладилар.

Шундан сўнг маҳаллий ва пойтахтдан келган санъаткорлар иштирокида бадиий дастур тақдим этилди. Айниқса, Тоҳир Содиқов бошчилигидаги “Болалар” гуруҳининг қўшиқлари барчага байрамона кайфият улашди.

Энди нархларга тўхталсак.

Ҳафтанинг душанба – жума кунлари катталар учун дор йўлидан бир марта фойдаланиш 50 минг сўм. Болалар ва ногиронларга ҳамда нафақадаги кексаларга 25 минг сўм. 

Ҳафтанинг дам олиш кунлари эса катталарга 60 минг, болалар, ногиронлар ва кексаларга 30 минг сўм этиб белгиланган. Нархлар фақат бир томонга ҳаракатланиш учун белгиланган.

Ҳакимжон Фозилов

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.