Англия Премьер-лигасининг 4-турида «Манчестер Сити» ўз майдонида «Манчестер Юнайтед»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу дербини янада диққатга сазовор қилган жиҳат — ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг 90 дақиқа давомидаги ишончли ўйини бўлди.
Учрашувда ҳисобни 18-дақиқада Фил Фоден очди. Иккинчи бўлимда Эрлинг Ҳоланд дубль (53 ва 68-дақиқалар) қайд этиб, «шаҳарликлар»нинг ғалабасини мустаҳкамлади ва «Энг яхши ўйинчи» мукофотига сазовор бўлди.
Ҳусанов асосий таркибда ўйинни бошлаб, бутун 90 дақиқа давомида ҳимояда қатъият билан ҳаракат қилди. Унинг тоза ўйини, рақиб билан дуэллардаги устунлиги ва тўпни йўқотмасликдаги самарадорлиги ўйиндан кейин ҳам кўпчилик томонидан эътироф этилди.
Пеп Гвардиола ҳам матбуот анжуманида Ҳусанов ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди:
«У ёш, жисмоний ҳолати зўр, тез ва диққатни жамлай олади. У ўз зонасини ишончли ёпди ва тўпни деярли йўқотмади. Баъзида энергияси ортиқча қарорларга ундайди, лекин у ўрганишдан тўхтамаяпти. Ҳақиқатан ҳам зўр ўйнади».
Бу ғалабадан сўнг «Манчестер Сити» 6 очко билан жадвалда 8-ўринга кўтарилди. «Манчестер Юнайтед» эса 4 очко билан 14-ўринда қолди.
«Сити»нинг кейинги ўйини 19 сентябр куни ЕЧЛ доирасида «Наполи»га қарши бўлиб ўтади, 21 сентябрда эса АПЛда Лондонда «Арсенал»га қарши майдонга тушади.