Қорақалпоғистонда тез ёрдам ходимларига ҳужум: маст эркак қўлга олинди

Улашиш:

Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида тез тиббий ёрдам бригадасига беморнинг маст қайнотаси ҳужум қилди. Ҳодиса Қиличбой маҳалласининг ҳудудида содир бўлган.

Тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилинганидан 8 дақиқа ўтиб, шифокор, фельдшер ва ҳайдовчидан иборат бригада воқеа жойига етиб келди. Улар беморни кўрикдан ўтказаётганда, беморнинг маст ҳолдаги қайнотасидан хонани тарк этишни сўрашган. Бироқ, эркак бу илтимосга тажовузкорлик билан жавоб қайтарган.

Шифокор ва фельдшер уйдан чиқиб кетишга уринганида, маст эркак уларга ҳужум қилиб, ҳақоратомуз сўзлар билан таҳдид қилган. Натижада, тез ёрдам ходимлари жароҳат олиб, травматология бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлишди.

Ҳодиса жойида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан маст эркак қўлга олинган. Ҳозирги пайтда унинг ҳаракатлари юзасидан тегишли тергов ишлари олиб борилмоқда.

Тез тиббий ёрдам хизматлари жамоат хавфсизлигига бўлган тажовузларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.