Қадимий Бухоро шаҳри 2025 йилда ташриф буюриш арзийдиган 52 та шаҳар орасида АҚШнинг нуфузли The New York Times газетаси томонидан тан олинди. Газета шаҳарнинг Буюк Ипак йўлидаги муҳим тарихи ва маданий аҳамиятини алоҳида таъкидлаган.
2025 йилда Бухорода тарихдаги биринчи замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади. 5 сентябрдан 20 ноябргача давом этадиган тадбирда британиялик ҳайкалтарош Энтони Гормли каби таниқли рассомларнинг асарлари намойиш этилади. Кўргазмалар Бухоронинг асрлар давомида сақланиб келган меъморий обидалари, жумладан карвонсаройлар ва диний мактабларда ўтказилади.
Газетанинг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда миллий авиациянинг ривожланиши сайёҳлик учун қулайликларни оширган. Silk Avia ва Air Samarkand авиакомпаниялари турли йўналишларга парвозлар ташкил этиш орқали саёҳат имкониятларини кенгайтирган.
Бухоро билан бирга, газета Эквадорнинг Галапагос ороллари, Ҳиндистоннинг Ассам минтақаси ва Нью-Йорк музейларини ҳам эътиборга олади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Британиянинг Wanderlust журнали томонидан ҳар йили ўтказиладиган Reader Travel Awards мукофотида дунёдаги энг истиқболли сайёҳлик йўналиши деб тан олинган.