Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов қисқа вақт ичида тўрт марта радарга тушиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Артист бу ҳолатни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиб, бир қоидабузарлик учун бир неча жарима олганлигини таъкидлаган эди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси ЙҲХХ матбуот хизмати томонидан вазиятга аниқлик киритилди. Маълумотларга кўра, Пиязовнинг автомобили Бўстонлиқ туманига олиб борадиган D-012 Бектемир-Чорбоғ йўлининг 24, 31, 45 ва 50 километрларида тезликни оширган. Йўлнинг айрим участкаларида транспорт воситаси соатига 130 км тезликда ҳаракатланган, бу эса белгиланган меъёрдан анча юқори ҳисобланади. Қонунга кўра, ҳар бир қайд этилган қоидабузарлик учун алоҳида жарима солинади.
Женисбек Пиязов ижтимоий тармоқлардаги мурожаатида жарималарни қабул қилганини ва уларни тўлаш нияти борлигини билдирган. Шу билан бирга, у жарималарнинг кўплиги оддий одамлар учун молиявий қийинчилик келтириши мумкинлигини таъкидлаб ўтган.
ИИББ матбуот хизмати эса фуқароларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чақириб, тезликни ошириш инсон ҳаёти ва хавфсизлиги учун жиддий таҳдид туғдиришини эслатди.
Эслатма: Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш нафақат қонун талаблари, балки йўл ҳаракатининг барча қатнашчилари хавфсизлиги учун ҳам зарурдир.