Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг Тошкент-Жиззах йўналишида кўприк чўкиши натижасида ҳаракат чекланди. Ҳайдовчилар учун айланма йўл ташкил этилди. Тошкентга йўл олган транспорт воситалари эски йўлдан ҳаракатни давом эттиришлари мумкин.
16 сентябрь куни Оқолтин туманидан ўтувчи Тошкент-Термиз йўналиши вақтинча ёпилиб, ҳайдовчилар учун айланма йўл ташкил этилди, дея хабар бермоқда Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Вилоятнинг Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги А-373 автомобиль йўлининг 10 километрида жойлашган зовур кўпригининг «Тошкент-Жиззах» йўналишидаги қисмида оралиқ қурилма балкаларининг 5 тасида ёриқ вужудга келиб, чўкиш ҳосил бўлган.
Таъкидланишича, кўприк балкаларидаги ёриқлар оғир юк машиналари ҳаракатланиши натижасида вужудга келган. Улар 1990 йилда қурилган, 2020 йилда қисман реконструкция қилинган.
Ҳозирда кўприкни тиклаш бўйича қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган, дейилади хабарда.
Шу сабабли Тошкент-Термиз йўналишидаги барча автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланган. Ушбу йўналишдаги автотранспорт воситалари ҳаракати халқаро аҳамиятдаги М-34 Тошкент — Душанбе автомобиль йўлининг 104−152 километрлари ҳамда А-376 Қўқон — Жиззах автомобиль йўлининг 219−242 километрлари орқали ташкил қилинган.
Автотранспорт воситаларининг мазкур йўналишда ҳаракатини қайта йўлга қўйиш учун қўшимча равишда зовур устидан вақтинчалик ўтиш йўли қуришга қарор қилинган. Бунинг учун 50 га яқин куч ва воситалар жалб қилиниб, 3 сменада иш ташкил этилган.