Шри-Ланкада «араб баҳори» тўхтатилди

Улашиш:

Шри-Ланкада ҳукуматга қарши намойишлар оммавий тартибсизликларга айланиб кетганидан сўнг комендантлик соати жорий этилганди.

Орол-мамлакатда комендантлик соати давомида 664 нафар тартиббузар қўлга олинди.

Полиция хабарига кўра, якшанба куни «араб баҳори»га ўхшаш намойишлар бошланиши арафасида бутун оролда комендантлик соати кучга кирган. Бу вақт давомида мамлакат бўйлаб ижтимоий тармоқлар блоклаб қўйилди.

Маълумот учун: Бир қатор араб мамлакатларида 2010-йиллар бошларида ҳукуматга қарши намойиш ва қуролли исёнлар содир бўлганди. Биринчи бўлиб «араб баҳори» Тунисда коррупция ва иқтисодий стагнацияга қарши бошланган. «Баҳор эпкинлари» кейинчалик Ливия, Миср, Яман, Сурия ва ҳатто Баҳрайнгача етиб борган, бу мамлакатларнинг айримларида ҳукуматлар тўнтарилган ёки йирик исёнлар, тартибсизликлар, фуқаролар урушлари келиб чиққан.

Шри-Ланка 1948 йилда мустақилликни қўлга киритганидан бери энг ёмон иқтисодий инқирозни бошдан ўтказяпти. Туризмнинг издан чиқиши (пандемия сабабли) хориж валютаси тақчиллигини юзага келтирди, оқибатда мамлакат ўзини ўзи ёнилғи билан таъминлашда қийналмоқда.

Мамлакатда озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари етишмовчилиги муаммоси ўткирлашган. Шри-Ланканинг кўп ҳудудларида электр энергияси суткасига 13 соатгача ўчириляпти.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.