Қрим кўпригидаги портлаш: ҳозиргача нималар маълум ва ҳужумнинг аҳамияти нимада?

Улашиш:

Душанбага ўтар кечаси Россиянинг Краснодар ўлкасини аннексия қилинган яриморол билан боғловчи Қрим кўпригида портлашлар рўй берди. Икки киши ҳалок бўлди, кўприк бўйлаб ҳаракат тўхтатилди. Москва Киевни айбламоқда, Украина ҳукумати ҳужум учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмаган. BBC Украина хизматининг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси анонимлик шарти билан денгиз дронлари орқали махсус амалиёт ўтказилганини айтиб берган. Россия президенти Владимир Путин шу куни кечқурун онлайн-йиғилиш ўтказиб, унда «Россия томонидан жавоб бўлиши»ни ваъда қилди.

Нималар рўй берди?

Дастлаб Қрим яриморолига Россия томонидан тайинланган раҳбар Қрим кўпригининг Кубан томондан келишдаги 145-таянч устуни ҳудудида «фавқулодда ҳодиса» рўй берганини айтди, аммо айнан тафсилотларга аниқлик киритилмади.

Маҳаллий манбалар икки кучли портлаш ҳақида хабар берди, телеграм-каналларда эълон қилинган фотосуратларда кўприкнинг икки оралиқ ёпмаси (пролет) жиддий шикастланганини кўриш мумкин. Shot телеграм-канали Тамани томондаги пролет вайрон бўлгани, Керч йўналишдаги пролет чўкиб қолгани ҳақида ёзган.

Россия тергов қўмитаси теракт моддаси бўйича жиноий иш очган. Россия миллий аксилтеррор қўмитаси кўприкка иккита сувусти дрони билан ҳужум қилинганини билдирган. Икки идора ҳам ҳужумда Украинани айблаган.

Mash телеграм-канали аниқлик киритишича, гап портловчи қурилмалар ўрнатилган дронга айлантирилган «сув мотоцикллари»дир.

Портлаш натижасида Белгород областидан бўлган жуфтлик ҳалок бўлди, уларнинг қизи жиддий жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.

Украинадаги уруш бошидан буён бу ушбу кўприкдаги иккинчи шу каби ҳодисадир. Аввалгиси 2022 йил октябрида амалга оширилганди.

Украинадагилар кўприкка қилинган ҳужум ҳақида нималар дейишмоқда?

Украина ҳукумати кўприкка зарар етказилгани учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмаяпти. Аммо BBC Украина хизматининг Украина хавфсизлик хизматидаги манбаси тунда Қримга уюштирилган ҳужум Украина ҳаво-денгиз кучлари ва Украина хавфсизлик хизматининг махсус амалиёти бўлганини айтган.

«Кўприкка сувусти дронлари орқали ҳужум қилинди. Кўприккача етиб бориш қийин бўлди, аммо охир-оқибат биз бунга эришдик», — сказал источник. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

BBC олган расмий изоҳда Украина хавфсизлик хизмати «УХХ бу „қасир-қусур“ тафсилотларини фақат ғалабадан кейин албатта ошкор этиши» айтилган.

«Ҳозирча биз Путин режимининг рамзларидан бири қандай қилиб яна бир бор ҳарбий юкламага дош бера олмаганини қизиқиш билан кузатяпмиз», — дейилган баёнотда.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк рўй берган ҳодисани шундай изоҳлади: «Россиянинг оммавий қотиллик инструментларини етказиб бериш учун фойдаланиладиган ҳар қандай ноқонуний тузилмалар қисқа умр кўради. Вайрон бўлиш сабабларидан қатъи назар».

Украина бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов Украинанинг «Суспільне» нашрига берган изоҳида кўприкнинг бир қисми вайрон бўлиши Украинадаги Россия армияси таъминотида муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини қайд этган.

«Россияликлар яриморолдан куч ва воситаларни Украина ичкарисига олиб кириш учун йирик логистик ҳаб сифатида фойдаланади. Албатта, ҳар қандай логистик муаммолар — бу босқинчилар учун қўшимча мураккабликдир», — деган Юсов. У шунингдек ўз бошлиғи Кирилл Будановнинг бу кўприк «ортиқча қурилма» экани ҳақидаги сўзларини эслатиб ўтган.

«Медуза» нашрининг Украина разведка хизматидаги манбаси ҳам ҳужумнинг айрим тафсилотларини келтирган. Унинг сўзларига кўра, кўприкка ҳужумда «уч ой муқаддам Севастополга ҳужумда иштирок этган сувусти дронлари каби дронлардан фойдаланилган». У региондаги россиялик ҳарбийларда бундай дронларни анча узоқ масофада аниқлаш имконини берувчи махсус воситалар йўқлиги, шунинг учун россияликлар дронни фақат кўприкка жуда яқин келганида пайқашгани ва бу ҳолатда бирор чора кўриш имкони бўлмаганини айтган.

«Кузатувчилар тунги вақтда йирик калибрли ўқотар қуроллар, пулемётлар ёрдамида дронларга зарба беришга уринди, аммо уддасидан чиқа олмади», — дея қўшимча қилган суҳбатдош.

«Медуза» манбаси кўприк устунларидан бири шикастланганини даъво қилган. РФ ҳукумати буни тасдиқламаган: РФ транспорт вазирлиги фақат «йўл қопламаси шикастлангани»ни билдирган ва ОАВда таянч устунлар шикастлангани ҳақида аввалроқ тарқалган хабарлар асоссиз эканини қайд этган. Буни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ.

Нашр суҳбатдоши шунингдек агар оралиқ ёпма шикастланган бўлса, «янгисини тўшаш мумкинлиги», аммо устун шикастланиши анча жиддийроқ муаммо бўлишини таъкидлаган. «Аммо асосийси бу эмас, агар Россия ва Украина ўртасида денгиз чегараси ўтказилса,  [шикастланган] 145-таянч устуни бу чегарадан нарида, Украинанинг [халқаро тан олинган] ҳудудларидан ташқарида бўлади», — деган суҳбатдош.

Video Player

BBC Рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов — Қрим кўпригига ҳужумнинг ҳарбий аҳамияти ҳақида:

«Қрим кўприги бир вақтнинг ўзида Украина жанубидаги рус қўшинлари учун таъминот занжиридаги муҳим бўғин, ўта муҳим инфратузилма объекти ва яриморолнинг Россия томонидан аннексия қилиниши рамзи ҳисобланади.

Бу зарбадан кўзланган бирор мақсадни аниқ ажратиб кўрсатиш қийин. Аммо, воқеа жойидан берилган хабарларга кўра, темирйўл шикастланмаган. У автомобил йўлидан алоҳида ўтган — Қрим кўприги бир-биридан бир неча метр орали масофа сақлаган икки алоҳида кўприкдан иборат. Асосий ҳарбий юклар оқими темирйўл орқали ўтади ва шунинг учун портлаш армия таъминотини тўхтатиб қўймаган.

Зарба натижасида автомобил йўл кучли жабр кўргани кўпроқ маънавий-руҳий зарар етказади — кўприк Кремлнинг оккупация қилинган ҳудудлардаги рамзий ва энг катта амбицияларга эга лойиҳасидир.

Россия ушбу объектни сув ва ҳаводан қилинажак ҳужумлардан мудофаа қилиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

24 май куни Россия Қрим кўприги атрофи хавфсизлигини таъминлаш бўйича машғулот ўтказганди. Машғулот давомида кўприкни қисман қамраб олган тутун пардаси ҳосил қилинганди. Кўприкда яна бир аксилтеррор машғулот июн ойи бошида ўтказилганди.

Бу саъй-ҳаракатлар айрим натижаларни бермоқда. Масалан, 9 июл куни россияликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Тамандан шимолда денгиз устида ракета уриб туширди. Бу ҳужумдан кейин кўприкда ҳаракат тўхтатилганди. Қримнинг бошқа районларида ҳам тез-тез дронлар уриб туширилмоқда.

Ҳозирга қадар Қрим кўпригига фақат бир марта зарар етказишга муваффақ бўлинган — 2022 йил 8 октябрида тиркамали юк машинаси портлатилгани оқибатида автомобил кўпригининг учта оралиқ ёпмаси қулаган, шунингдек темирйўл жиддий шикастланганди.

Шундан сўнг жорий этилган хавфсизлик чоралари кўприкдан фойдаланишни жиддий даражада қийинлаштирди. Ёзда унга кириш қисмида шундай улкан тирбандликлар юзага келдики, Владимир Путин махсус йиғилиш ўтказиб, Қримга боришни истаган сайёҳларни Украинанинг оккупация қилинган областлари бўйлаб ёки ҳарбий десант кемаларида юборишни таклиф қилди.

Украина апрел ойида Севастополдаги бухталардан бирига ва июн ойида РФ ҳарбий-денгиз флотининг «Приазовье»даги кемасига қарши ҳам денгиз дронларини қўллаган бўлса-да, шу вақтгача кўприкка денгиздан туриб зарба бериш хавфи фақат назарий жиҳатдан имконлидек кўринарди.

Уч ой олдин сувусти дронлари Севастопол яқинидаги бухтага киришга муваффақ бўлолмаганди — бухта тўр ва сузиб юрувчи тўсиқлар билан ҳимояланганди. Ҳимоя учун ҳатто жанговар делфинлардан фойдаланилиши хабар қилинган. Қрим кўприги эса зарба берилишига имкон берар даражада яхши ҳимояланмаган бўлиб чиқди.

Эндиликда, хавфсизлик чоралари кучайтирилиши шубҳасиз ва катта эҳтимол билан Россия ҳукумати кўприкни денгиздан туриб бериладиган зарбалардан ҳимоялашга эътибор қаратади. Бу объектнинг украин ракеталарига қарши ҳаводан ҳимояси ҳам кучайтирилиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам буларнинг бари шусиз ҳам ортиқча юкламага эга яриморол хавфсизлик тизимига қўшимча оғирлик туширади. Ахир Қрим кўприги — энг кўзга кўрингани бўлса ҳам, Қримдаги энг асосий ҳарбий инфратузилма объекти эмас».

Кўприк ҳудудида ҳозир вазият қандай ва Путин нималар деди?

«Таврида» трассаси томондан Қрим кўпригига киришда ўрнатилган назорат пости

Россия ҳукумати аввалига Керч бўғози бўйлаб ҳар қандай транспорт қатновини тўхтатиб қўйганди — кўприкнинг икки йўналиши, автомобил ва темирйўлни ҳам, паром орқали ўтиш йўлларини ҳам.

Кун давомида поезд ва паромлар қатнови тикланди. Амм паромларга аввалига фақат сайёҳлик автобуслари ва юк машиналари чиқарилди, фақат кечга келиб шахсий енгил автомобилларга ҳам рухсат берилди. ТАСС агентлиги Керч томондан келувчи паромга юзлаб енгил автомобиллардан иборат навбат юзага келгани ҳақида хабар берди.

Шахсий автомобилларида Қримга борувчилар ёки Қримдан кетмоқчи бўлганлар учун Украинанинг «материк» қисмидаги оккупация қилинган ва фронт чизиғига нисбатан яқин ҳудудлар бўйлаб ҳаракатланиш тавсия этилди. «ДХР» раҳбари Денис Пушилин транспортлар Қримга ўтишини таъминлаш учун комендантлик соатини вақтинча бекор қилганини айтди.

Аммо ОАВ Қримдан Таганрогга борувчи ва тескари йўналишдаги автомобил йўлларида ҳам тирбандликлар юзага келаётгани ҳақида ёзган. «Осторожно, новости» телеграм-канали бу участкадаги тирбандлик тахминан 6 километрга чўзилишини ёзган.

18 июлга ўтар кечаси Қрим кўприги бўйлаб автомобиллар ҳаракати реверсив режимда (ҳаракат йўналишини ўзгартиришга имкон берадиган) йўлга қўйилди. РБК нашри ёзишича, автомобиллар учун Таман-Керч йўналишидаги ўнг полоса очилган.

Maxar Technologies / AP / Scanpix / LETA

Ўтган сафар кўприк тикланишини назорат қилган вице-премьер Марат Хуснуллин Shot каналига берган изоҳида, дастлабки баҳоларга кўра, кўприк таянч устуни шикастланмагани ва таъмирлаш ишлари тахминан уч ҳафта вақт олишини айтган.

Кечқурун Россия президенти Владимир Путин билан йиғилишда Хуснуллин кўприк таянч устунлари шикастланмаганини тасдиқлади, аммо Қрим кўпригининг бир томонида икки томонлама ҳаракат фақат 15 сентябрда, иккинчи томонида — фақат ноябр ойида тикланиши режалаштирилганини айтди.

Хуснуллин шунингдек кўприкнинг автойўл қисми пролетларидан бири вайрон бўлгани ва уни қайта тиклаб бўлмаслигини маълум қилди.

Куздаги портлашдан кейин кўприкда автомобил қатнови тўрт ярим ой ўтиб, темирйўл қатнови эса етти ойда тўлиқ қайта тикланганди.

Путиннинг ўзи йиғилишда Қрим кўприги портлатилишини  «навбатдаги теракт» ва «маъносиз жиноят» деб атаб, кўприкдан ҳарбий юклар ташишда фойдаланилмаслигини таъкидлади. У «Россия томонидан жавоб бўлиши»ни ваъда қилди, шунингдек «махсус ҳукумат комиссиясидан стратегик аҳамиятга эга транспорт иншоотида хавфсизлик чораларини яхшилаш бўйича аниқ таклифлар кутиши»ни билдирди. 

«Қасос зарбаси»

18 июлга ўтар кечаси россиялик ҳарбийлар Украинанинг жанубий регионларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, жами олтита «Калибр» ракетаси ва 36 дона Shahed камикадзе дронлари учирилган.

Ракеталар ва дронларнинг катта қисми Одесса ва Миколайив областларида уриб туширилган, қолган дронлар Донецк, Харкив ва Днипропетровск областларида йўқ қилинган. Одессада парчалар тушиши оқибатида порт инфратузилма объектлари ва бир қанча хусусий уйлар шикастланган. Бир киши яраланган.

Одесса бўйлаб тунги ҳужумларни дастлаб РФ мудофаа вазирлиги «қасос зарбалари» деб атади. Вазирлик россиялик ҳарбийлар «экипажсиз катерлар қўллаш орқали РФга қарши террорчилик актлари тайёрланадиган объектлар бўйлаб, шунингдек Одесса шаҳри ҳудудида катерлар ишлаб чиқариладиган кемасозлик заводига» зарба берган.

Вазирлик РФ армияси Одесса ва Миколайив ҳудудларида Украина қуролли кучлари учун ёнилғи сақланадиган омборлар ҳам йўқ қилинганини билдирди. Мудофаа вазирлигида маълум қилишларича, «зарба бериш режалаштирилган барча нишонларга аниқ зарба берилган».

Кейинроқ РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков РИА Новости агентлигига россияликларнинг Одессадаги порт инфратузилма объектларига денгиздан юқори аниқликдаги қуроллар билан берган зарбалари — «Қрим кўприги учун қасос зарбалари» бўлганини айтди. 

Аввалроқ журналистлар билан суҳбатда Песков Владимир Путинга Қрим кўпригига қилинган ҳужумга жавоб қайтариш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари «ҳали ишлаб чиқилаётгани»ни айтганди.

Қурбонлар ҳақида нималар маълум?

ОАВ маълумотига кўра, Қрим кўпригида ҳалок бўлган эр-хотин — Белгород областидан бўлган Алексей ва Наталья Кулик. 36 ёшли Наталья Кулик Новий Осколда таълим бошқармасида ишлаган, унинг 40 ёшли турмуш ўртоғи юк автомобили ҳайдовчиси бўлган.

Қурбонларнинг қариндошлари РБК мухбири билан суҳбатда улар қизи ва Наталянинг қариндошлари билан икки машинада Қримга дам олиш учун кетаётган бўлган. Улар тиқилинчдан қочиш учун тунда йўл юришга қарор қилганди.

Қариндошлардан бирининг айтишича, тахминан тунги соат уч атрофида оила биринчи портлаш овозини эшитган, шундан кейин кўприкда чироқлар ўчиб қолган. Биринчи портлашдан кейин улар алоқага чиқмай қўйган.

Краснодар ўлкаси губернатори ўринбосари Анна Минькованинг маълумотига кўра, оиланинг 14 ёшли қизи кўкрак қафасидаги жароҳат ва ёпиқ бош мия жароҳати билан Темрюк шифохонасига ётқизилган. У қизнинг ҳуши ўзидалиги ва мустақил нафас олаётганини қўшимча қилган.

«Агар боланинг аҳволи барқарорлигича қолса ва транспортировка имкони бўлса, дарҳол ҳаво йўлаги орқали Ўлка болалар клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимига етказилади. Ўсмирнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ», — дея ёзган Минькова ўз телеграм-каналида.

Унга ҳозирча ота-онасининг тақдири ҳақида хабар бермасликка қарор қилинган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.