Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида дорихонага босқинчилик ҳужуми содир этган шахс аниқланди ва қўлга олинди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда кўпчилик воқеа пойтахтнинг Чилонзор туманида содир бўлган деб тахмин қилган эди. Аммо воқеа Чирчиқдаги дорихоналардан бирида бўлиб ўтган.
Маълумотларга кўра, жиноятчи дорихона кассасидан 700 минг сўм пулни ўғирлаб, ҳодиса жойидан ғойиб бўлган.
Kun.uz хабарига кўра, тезкор ҳаракатлар натижасида гумонланувчи қўлга олинган. У маст ҳолатда бўлган 32 ёшли эркак экани маълум бўлди. Ходиса вақтида дорихона сотувчисига ҳеч қандай шикаст етмаган.
Жиноятчига нисбатан қуролдан фойдаланиб босқинчилик содир этганлиги учун жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.