Тошкентдаги Сергели туманида жойлашган "Қуёш" хусусий боғчасида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолати содир этилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, 22 январь куни боғчада тарбиячи ёрдамчиси бир болани калтаклаб, унинг оёғини синдирган.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИБ ишчи гуруҳи текширув ўтказди. Текширув натижасида болага нисбатан зўравонликни тарбиячининг ёрдамчиси содир этгани тасдиқланди. Ёш қиз болани тинчлантириш баҳонасида унинг юзига урган, сўнг ётоқхонага олиб кириб, унга жиддий жароҳат етказган.
Мактабгача таълим вазирлиги ҳодисани тасдиқлаб, боланинг чап оёғи синганини маълум қилди. Жабрланган бола 16-сонли Республика тез тиббий ёрдам шифохонасига етказилган.
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодисани чуқур ўрганиб, суриштирув ишларини давом эттирмоқда.