Бахмал туман бўлими суд ижрочилари томонидан алимент мажбуриятларини бажармаслик ҳолатлари бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, қарздор А.А.нинг қарийб 18 миллион сўм миқдоридаги алимент қарзини тўлашдан бош тортгани сабабли, унинг иши Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судига юборилди. Суд қарорига кўра, қарздорга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Суд ижрочилари томонидан ушбу чора алимент тўловларини ўз вақтида амалга оширишга даъват этиш ҳамда мажбуриятларини бажармаган шахсларни қонун олдида жавобгарликка тортиш мақсадида қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, алимент мажбуриятларини бажариш фуқароларнинг оилавий ҳамда қонун олдидаги бурчидир. Бундай мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаш нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий нуқтаи назардан ҳам қораланади. Суд ижрочилари қарздорларга нисбатан бундан кейин ҳам қонун доирасида қатъий чоралар кўришни давом эттиради.
Алимент тўловларини ўз вақтида бажариш нафақат жавобгарликдан қочиш, балки болаларнинг муносиб ҳаётини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик лозим.