Интернетда Pepsi ичимлиги номи “Pay Every Penny to Save Israel” (“Исроилни сақлаб қолиш учун ҳар бир тийинни сарфланг”) деган маънога эга экани ҳақида хабарлар тарқалди. Олмаотадаги мадраса ўқитувчиси Pepsi ичимлигини бойкот қилишга чақирган видеоси TikTokда 46 мингдан ортиқ кўрилган. Шунингдек, “Alisa” овозли ёрдамчиси Pepsi номи ҳақидаги саволга шундай маънода жавоб берган видеонинг 5,5 миллион марта кўрилгани хабар қилинди.
FactCheck.kz таҳририяти бу даъволар асослими ёки йўқлигини аниқлашга қарор қилди.
ҲУКМ: ЁЛҒОН
Pepsi номи “Pay Every Penny to Save Israel” деб талқин қилиниши ҳеч қандай асосга эга эмас. Бу ҳурофот ва фитна назарияси бўлиб, йиллар давомида тарқалган нотўғри талқинлардан биридир.
Бу ҳақдаги илк маълумотлар 2000-йил 26-октябрда Havaaworld.com платформаси фойдаланувчиси томонидан интернетга жойлаштирилган. Кейинчалик, 2000-йил 29-ноябрда “Gulf News” нашри “Reuters” маълумотларига таяниб, Мисрнинг мухолифат газеталари Америка компанияларини “қора рўйхат”га киритганини ёзган, унда Pepsi ҳам бор эди.
Шунингдек, 2019-йилда Middle East Forum сайтида туркиялик журналист Бурак Бекдил мақола ёзган ва 1980-йиллар охиридан бери унинг танишлари Pepsi’ни бойкот қилишга чақирганини маълум қилган. Улар буни Pepsi номи ортида яширин маъно борлиги билан асослаган. Журналист бу даъвони кўп йиллик фитна назарияси деб атаган.
Pepsi номи қаердан келиб чиққан?
Pepsi компаниясининг расмий веб-сайтида маълум қилинишича, 1893-йилда АҚШнинг Шимолий Каролина штатида фармацевт Калеб Бредҳем бу ичимликнинг оригинал формуласини яратган. Илк бор у “Brad’s Drink” (“Бреднинг ичимлиги”) деб номланган. 1898-йилда эса ичимлик “Pepsi-Cola” деб қайта номланган.
Шимолий Каролина штати расмий веб-сайтида ёзилишича, янги ном ичимлик таркибидаги асосий моддалар — пепсин ферменти ва кола ёнғоғига асосланган. Бошқа манбаларда эса Бредҳем “Pep Kola” номини сотиб олиб, “Pepsi-Cola” қилиб ўзгартиргани айтилган.
Бироқ “Pepsi” номи 1898-йилда пайдо бўлган, Исроил давлати эса 1948-йилда ташкил топган. Шундай экан, Pepsi номи Исроилни молиялаштиришга ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ.
Хулоса
Pepsi номининг “Pay Every Penny to Save Israel” деб талқин қилиниши ҳеч қандай ҳақиқатга асосланмаган. Бу йиллар давомида тарқалган фитна назарияси бўлиб, ҳеч қандай тарихий ёки илмий далил билан тасдиқланмайди.