Ўзбекистонда дорихоналар сони кўп ва улар асосан мустақил тадбиркорлар томонидан бошқарилади. Бироқ бозор аста-секин консолидация жараёнига кирмоқда – катта тармоқлар кичик дорихоналарни ўз таркибига қўшиб олишни бошлайди ва баъзиларини ёпиши мумкин. Бу жараён иқтисодий омиллар, истеъмолчилар талаби ва фармацевтика соҳасидаги глобал тенденциялар билан боғлиқ.
Бозор қандай ўзгармоқда?
STADA халқаро фармацевтика компанияси вице-президенти Арминас Мацевичуснинг таъкидлашича, ҳозирча Ўзбекистон бозори мустақил дорихоналар устунлиги билан фарқ қилади. Бунга мамлакатдаги тадбиркорлик муҳитининг фаоллиги сабаб бўлмоқда.
"Ўзбекистонда ишбилармонлик даражаси жуда юқори. Бизнес имконияти пайдо бўлиши билан тадбиркорлар тезда ҳаракат қилади. Агар Ойда бозор очилса, у ерда биринчи савдогар ўзбек бўлади", – дейди Мацевичус.
Бироқ катта тармоқларнинг босими ва бозорнинг ритейл моделга ўтиши кичик дорихоналар учун янги чақириқларни юзага келтирмоқда. Консолидация жараёни туфайли мустақил дорихоналар сони қисқариши ва йирик компаниялар томонидан рақобат муҳити белгилаб берилиши мумкин.
Янги талаблар ва ритейлга ўтиш
Шарқий Европада кузатилган ҳолат Ўзбекистонда ҳам такрорланиши мумкин. Масалан, Россияда йирик тармоқлар бозорни эгаллаб, мустақил дорихоналарни деярли тўлиқ сиқиб чиқарган. Шунингдек, дорихоналар нафақат дори-дармон сотувчи, балки косметика, тиббий маҳсулотлар, БФҚ ва қўшимча хизматларни таклиф қилувчи тижорат марказларига айланмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда дорихоналарни GPP (Good Pharmacy Practice) халқаро стандартларига мувофиқ сертификатлаш бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда. Бу эса бозорга янги талабларни жорий этиб, мустақил дорихоналар учун рақобат муҳитини янада мураккаблаштириши мумкин.
Тенденциялар ва прогнозлар
Иқтисодиёт ўсиши билан бирга, истеъмолчилар талабчанлиги ортиб бормоқда. Бу эса юқори сифатли хизматлар ва янги стандартларга мослашувни талаб қилади. Йирик тармоқлар бозорда устунликка эга бўлиб, кичик дорихоналар улар билан рақобатлаша олмаса, йириклашган тармоқларга қўшилишга мажбур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача Ўзбекистон фармацевтика бозори 13 фоизга ўсиб, сотувлар 20,3 триллион сўмни ташкил этди. Бу эса соҳанинг жадал ривожланаётганидан далолат беради.