Тиббий бизнес ёки виждонсиз савдо? Шифокорлар орқали ноқонуний дори сотиш схемалари фош этилди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда фармацевтика компаниясининг собиқ ходими қиммат дори-дармонларни ноқонуний тарзда сотиш схемаси ҳақида гапирган видео тарқалди. Унга кўра, айрим шифокорлар фармацевтика фирмалари билан тил бириктириб, беморларга кераксиз, аммо қиммат дори-дармонларни тавсия қилишади.

Батафсил ўрганиш давомида маълум бўлишича, бу муаммо узоқ йиллардан бери мавжуд бўлиб, бир неча мустақил манбалар ҳам бу ҳолатни тасдиқлаган.

Шифокорлар – яширин савдогар?

Инсайдер маълумотларига кўра, фармацевтика компаниялари баъзи шифокорларнинг хизматидан фойдаланиб, дори-дармонларни тўғридан-тўғри улар орқали сотишади. Шу тарзда дорилар дорихона ўрнига шифокорлар қўлига ўтади ва беморларга айнан шу маҳсулот таклиф қилинади.

"Беморларга шунчаки ушбу дорини қабул қилиш кераклиги айтилади. Улар ҳатто аналоглар мавжудлигини ҳам билмайди. Чунки шифокорнинг мақсади – сотиш ва ўз улушини олиш," – дейди фармацевтика соҳасида ишлаган аёл.

Бундай ҳолатларнинг бир нечта мисоллари мавжуд. Масалан, бир беморга буюрилган дори дорихоналарда топилмаган, аммо шифокор "тўсатдан" унинг қaeрда борлигини эслаб, танишининг телефон рақамини берган.

Қиммат дори сотиб олмасангиз – даволаниш хавф остида

Айрим ҳолларда шифокор беморни маълум бир дорихонага юборади, агар у бошқа жойдан сотиб олса, "сифати кафолатланмаган" деб таъкидлайди.

Бундай схема тиббий хизматлар сегментида ҳам мавжуд. Баъзи шифокорлар беморларни махсус клиникаларга йўналтириб, у ерда қиммат муолажалардан фойдаланишга мажбурлашади.

Ваколатли органлар қаерда?

Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири айнан соғлиқни сақлаш тизимидир. Ҳозирча бу каби ноқонуний схемаларга қарши жиддий чоралар кўрилаётгани номаълум.

Беморларнинг ҳуқуқлари ва молиявий манфаатларини ҳимоя қилиш учун назоратни кучайтириш, шифокорлар ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги шубҳали битимларга чек қўйиш зарур. Тиббий хизматнинг сифатини ошириш учун бу муҳим қадамлардан бири бўлиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.