Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида ҳар йили Президент Олимпиадаси ўтказилади. Бу мусобақада ғолиб бўлган ёш спортчилар уй ва автомобиллар билан тақдирланади.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Президенти томонидан спортни ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган. Президент Олимпиадаси мамлакат бўйлаб ўтказиладиган “Янги Ўзбекистоннинг олимпия чўққилари” мусобақаларининг якуний босқичи бўлиб, унда ҳар бир вилоят ва туман ғолиблари иштирок этади.
Йилда икки марта олимпия спорт турлари бўйича ташкил этиладиган саралаш босқичларида ғолиблар ҳокимлар томонидан мукофотланса, финал босқичи 10-20 декабрь кунлари Олимпия шаҳарчасида ўтказилади. Бу ерда энг кучли спортчилар ўз маҳоратларини намойиш этиб, йирик мукофотларга эга бўладилар.
Шунингдек, биринчи ва иккинчи ўринларни қўлга киритган ёш спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказларига қабул қилинади ҳамда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган пайтларида стипендия билан таъминланади.
Ўзбекистонда спортга қаратилган эътибор янада ортмоқда. Мамлакатдаги ҳар бир олий таълим муассасасида камида учта олимпия спорт тури бўйича спорт тўгараклари ташкил этилиши режалаштирилган.
Бу ташаббус нафақат олимпия ҳаракатини ривожлантиришга, балки ёшлар ўртасида спортга бўлган қизиқишни оширишга ҳам хизмат қилади. Президент Олимпиадаси – спортчилар учун катта имкониятлар эшигини очувчи муҳим тадбир бўлиб қолиши кутилмоқда.